Бухоро шаҳридаги ННТ ва Дўстлик уйида Ижтимоий шериклик комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда комиссия аъзолари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди масъуллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва миллий маданий марказлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.


Дастлаб кун тартибидаги биринчи масала “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва қарори лойиҳалари тўғрисида” ги масала бўйича Олий Мажлис сенати аъзоси, Ижтимоий шериклик комиссияси раиси Абира Ҳусейнованинг маърузаси тингланди.
Таъкидланишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган бўлиб, бешта йўналиш ва 100 мақсаддан иборат. Аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, шу жумладан сув ресурсларини тежаш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш бўйича ислоҳотлар ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий йўналишлари ҳисобланади.


“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича мақсадлар ҳам кўзда тутилган.
Йиғилишда 2023 йил Давлат гранти ажратиш бўйича учинчи танлов ғолибларига сертификатлар топширилди. Ўтказилган давлат учинчи танловларга ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан 25 лойиҳалар қабул қилинган. Шу жумладан, маҳалла фуқаролар йиғинидан битта, нодавлат нотижорат ташкилотларидан 23 та ва оммавий ахборот воситаларидан битта лойиҳа тақдим этилган. Ишчи гуруҳи ўрганишлари натижалари юзасидан “Ёшларни маънавий етук қилиб тарбиялаш ҳамда бандлигини таъминлаш” мавзусида ўтказилган давлат гранти танловларига 11 лойиҳа ғолиб деб топилган.


Комиссия аъзолари ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиб, давлат грантининг 4-танловларига аниқланган муаммолар бўйича таклифлар билдирган. Унга кўра, давлат гранти 4-танловига етти устувор мақсадни қамраб олган “Туманларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш” мавзуси маъқулланди. Комиссия аъзолари 4-танловни эълон қилиш бўйича қарор қабул қилди.
Шунингдек, йиғилишда комиссия томонидан миллий маданий марказлар, ногиронлар, кўзи ожизлар, кар ва соқовлар жамиятлари, Ногиронлар ассоциацияси ҳамда Савдо- саноат палатаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармасининг 2023 йил иккинчи чорагида амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.


Йиғилишда юқоридаги ташкилотларнинг келгусидаги вазифалари белгиланди. Кун тартибидаги барча масалалар бўйича комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА