French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳаси: ЯИМ ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш белгиланмоқда (+видео)
18:22 / 2026-01-15

Бугун “Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳасининг “2030 йилга қадар иқтисодиётни ривожлантиришнинг замонавий моделини шакллантириш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Марказий банк масъуллари, мутахассислар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбир аввалида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Марказий банкнинг лойиҳа офиси раҳбари Баҳром Жўраев, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Иброҳим Қосимхўжаeв ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида эришилган улкан натижалар ва янги устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, мазкур устувор вазифалар “Ўзбекистон-2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши кўзда тутилган.

Тадбирда мутахассислар “Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳаси ва ундан кутилаётган натижаларга кенг урғу берди.  

[gallery-27147]

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Стратегик режалаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва лойиҳаларни самарали жойлаштириш бошқармаси бошлиғи Иброҳим Қосимхўжаeв қайд этганидек, янгиланаётган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 бараварга ошириш ҳамда Ўзбекистонни “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киритиш мақсад қилинган.  

– Мазкур лойиҳанинг самарадорлик кўрсаткичлари доирасида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига даромадни 5 минг доллардан ошириш ҳамда давлат қарзининг ЯИМга нисбатини 50 фоиздан оширмаслик вазифалари белгиланган. Стратегия лойиҳада шу каби қатор йўналишлар мақсадлар ўз ифодасини топади, – деди И.Қосимхўжаев.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Сардор Темиров “Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳасида мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш ҳамда қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантириш кўзда тутилганини таъкидлаб ўтди.

 – Стратегия доирасида асосий капиталга киритиладиган инвестициялар ҳажмининг йиллик ўртача 5-7 фоиз атрофида ўсишини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини доллар ҳисобида йиллик ўртача 7 фоизга ошириш белгиланган. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда умумий қиймати 150 миллиард доллар бўлган 400 дан зиёд стратегик аҳамиятга эга технологик ва инфратузилмавий инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Ушбу тадбирда шу каби галдаги режаларни кенг жамоатчиликка етказиш ушбу муҳокаманинг асосий мақсадидир, – деди С.Темиров.

Матбуот анжуманида банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, банк хизматлари бозори ҳажмини кенгайтириш ҳамда соҳада рақобатни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Унга кўра, 2030 йилга бориб йиллик инфляцияни 5-6 фоиз даражасида барқарорлаштириш, банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини 720 триллион сўмга етказиш, тижорат банклари депозитлари қолдиғини 560 триллион сўмгача ошириш ҳамда давлат банклари активларининг жами банк тизими активларидаги улушини 55 фоизгача камайтириш вазифалари қўйилган.

Матбуот анжумани якунида масъуллар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/vO7lmA5GlQw" title="“O‘zbekiston-2030” strategiyasi loyihasi: YAIM hajmini 240 milliard dollarga yetkazish belgilanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Насиба Зиёдуллаева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА