Биз ҳаётимизни сувсиз тасаввур қила олмаймиз, чунки яшашимизнинг асосий қисми сувга боғлиқ. Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш ва уларни муҳофаза қилиш борасида мукаммал ташкилий-ҳуқуқий асослар шакллантирилди, сувга оид халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Айниқса, соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар мамлакатда сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, кейинги йилларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ушбу ресурсларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида” ги фармони қабул қилиниб, бешта устувор йўналиш бўйича 100 муҳим мақсадни ўз ичига қамраб олган.
Хусусан, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халққа хизмат қилиши шарт бўлган адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби ғоялар акс этган. Фармоннинг ўз вақтида қабул қилинганлиги барча йўналишлардаги ишларни бутунлай янги босқичга олиб чиқиши билан ғоятда аҳамиятли. Мазкур ҳужжатда янги ғоя ва ташаббуслар барча аҳоли томонидан билдирилган таклиф, фикр-мулоҳазалар билан умумлаштирилиши ҳамда такомиллаштирилиши ҳисобига ўз аксини топди.
Айнан стратегиянинг учинчи йўналишида юртимизда сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Хусусан, сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдони 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилатиб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш билан боғлиқ вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш натижасида суғориладиган ер майдонларида шўрланган майдонларни 1,7 миллион гектаргача, кучли ва ўрта шўрланган суғориладиган ер майдонларини 430 минг гектаргача, ер ости сув сатҳи муаммоли ҳолатда бўлган ер майдонларини 773,4 минг гектаргача камайтириш белгилангани ҳам юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Стратегияда Туямўйин сув омбори ҳажмини қўшимча 1 миллиард куб метрга кенгайтириб, 1,2 миллион гектарда сув таъминотини яхшилаш ва ичимлик суви захирасини яратиш, насос станцияларидаги эскирган 1069 насос ва 1079 электродвигатель энергия тежамкорларига алмаштирилиши ҳам узоқни кўзлаб қилинаётган энг тўғри ва оқилона қарордир.
Мухтасар қилиб айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Сағиндиқ Турманов,
Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни
қисқартириш ва бандлик вазири,
O'zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши раиси
ЎзА