Ҳозирги глобаллашув шароитида атроф-муҳитнинг мусаффолигини асраш, шаҳару қишлоқларимизда яшиллик даражасини сақлаб қолиш, уни бойитиш бирламчи вазифа мақомига чиқдики, бу, тараққиётни таъминловчи, бахтли ҳаёт асосини яратувчи бўлган инсонни, келажак авлодни асрашнинг муҳим омили саналади.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон—2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида жорий йилда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида одамларнинг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш назарда тутилган.

Фармонда “Экофаол фуқаро” ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилиш асносида “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракатини йўлга қўйиш, соғлом турмуш тарзи, хусусан, тиббий маданиятни ошириш, соғлом овқатланиш, кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш, турли спорт мусобақаларини ташкил этиш белгиланган.

Хўш, жамиятимизда саломатлик ва экологик маданиятни ошириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар талаб даражасидами?
Фармоннинг амалий тадбирлар режасида белгиланганидек, катта ёшдаги аҳоли орасида скандинавча юриш ва уларга мос бошқа спорт турларини жорий қилиш, “Кексалик гашти” шиори остида енгил спорт мусобақаларини ўтказиб бориш ишлари йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида Спорт вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида нуронийлар ўртасида “Ғайратли кексалар” шиори остида мини-футбол, кураш, шахмат ҳамда шашка спорт турлари бўйича уч босқичли оммавий спорт мусобақалари ўтказилди.
Жорий йилнинг июнь-октябрь ойлари давомида уч босқичда ўтказилган “Ғайратли кексалар” спорт мусобақалари мамлакатимиздаги 223 минг 593 нафар фахрийларни қамраб олгани билан ўзига хос аҳамият касб этди.

Эътиборли жиҳати, мазкур саломатлик тадбирлари орқали хонадонларимизнинг файзи, маҳалланинг дуогўйлари бўлган нуроний отахону онахонларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтди. Бу уларнинг фаоллиги, саломатлигига ижобий таъсир кўрсатди.
Расмий маълумотларда келтирилишича, ўтган 7-10 йил оралиғида мамлакатимизда ўртача умр кўриш кўрсаткичлари ошди. Масалан, 2010 йили ўртача умр кўриш 73 ёшни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 75,1 ёшга етди.
Кексалар саломатлигини асраш, уларнинг фаол турмуш тарзига ошно бўлиши учун етарли шарт-шароитлар яратилаётгани натижасида 2025 йилнинг январь-август ойлари оралиғида жисмоний машғулотлар билан шуғулланувчи эркаклар 71,9 фоиз, аёллар 64,1 фоизга ошди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь- август ойларида спорт, кўнгилочар ва дам олишни ташкил қилиш соҳаларига 2,9 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилгани ҳам соғлом турмуш тарзи тамойилларини ёйишга хизмат қилди.
Айни кунларда мамлакатимизда 30-70 ва ундан катта ёшдаги аҳоли вакилларидан ихтиёрий равишда қабул қилинаётган “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларининг туб мазмун-моҳияти ҳам аслида ҳаётга иштиёқмандлар сафи ортишига замин яратади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА