Бугунги кунда экологик муаммолар глобал миқёсда долзарб масалалардан бирига айланмоқда.
Атроф-муҳитни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳар бир давлат олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Шу маънода, Ўзбекистонда ҳам экологик барқарорликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.

Шу муносабат билан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда амалдаги Стратегия доирасида белгиланган вазифалар, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда ҳужжатни такомиллаштириш зарурати юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакат тараққиёти йўлида эришилган ютуқлар ва янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини қайд этган эди. Шунингдек, ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши лозимлиги алоҳида таъкидланган.
Янгиланган стратегия лойиҳасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар ўз аксини топган. Жумладан, ҳаво ва сув ифлосланишини камайтириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш каби вазифалар белгиланган.

Тадбир иштирокчилари Стратегияда кўзда тутилган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб, бу йўналишда амалий таклиф ва тавсиялар билдирди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА