Жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз томонидан янги таҳрирдаги Бош қомусимиз маъқулланди. Бу билан Янги Ўзбекистон тараққиётини янада юқори босқичга кўтариш учун тамал тоши қўйилди. Чунки мукаммал ишланган, халқимизнинг хоҳиш-иродасини ифодалаган янги Конституция барча ютуқ ва муваффақиятларимиз, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиё¬сий равнақининг ҳуқуқий асосидир.
Президентимиз томонидан жорий йил 11 сентябрда имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармон юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини кенгайтириш баробарида янгидан-янги ташаббус¬ларга замин яратмоқда.
Фармонга кўра, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бир неча муҳим йўналишларда амалга оширилади.
Жумладан, стратегия жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш, иқтисодиётнинг асосий драйвери бўлган тадбиркорликни янада ривожлантириш, ижтимоий соҳада ислоҳотларни “инсон манфаати энг улуғ мақсад” тамойили асосида амалга ошириш каби масалалар устувор этиб белгиланди.
Стратегия жорий йилнинг ўзидаёқ амалга оширилиши ислоҳотларнинг суръатини янада тезлаштиришга хизмат қилади. Жумладан, стратегиянинг қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши доирасида ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда аҳолига янада қулайликлар яратиш ва ортиқча сансалорликларга барҳам бериш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда автомото-транспорт воситасининг олди-сотди шартномалари ва бошқа нотариал тасдиқланган битимларни “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидан олиш амалиёти йўлга қўйилади ва ариза берувчилардан мазкур ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. 2024 йил 1 мартдан бошлаб эса нотариал идорага келмасдан, шу жумладан, чет элдан туриб, мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда видеоконференц алоқа орқали расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиши маҳалла институти тизимини янада такомиллаштиради, имкониятларини кенгайтиради. Бунда туман ва шаҳар бюджетларига тушадиган солиқ тушумларининг бир қисми маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш жамғармаларига йўналтирилади. Ташаббусли бюджет амалиётини ва маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини янада кенгайтириш мақсадида 2024 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молия¬лаштириш учун давлат бюджетидан 10 триллион сўм ажратилиб, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун камида 4 триллион сўм йўналтирилади.
Бундан ташқари, 2024 йил якунига қадар қонунда белгиланган асосларда тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларига санкция бериш масаласин и алоҳида тергов судьялари томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилади. Тадбиркорлик соҳасида жавобгарликни янада либераллаштириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб биринчи марта жиноят содир этган шахсни, агар у суд маслахатхонага киргунига қадар солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган ҳар бир жиноят иши бўйича тергов ҳамда суд жараёнида тегишли мансабдор шахс жиноят иши материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес омбудсман, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, тадбиркорлик субъекти аъзо ҳисобланган бошқа ташкилотни жамоат ҳимоячиси сифатида жалб этиш (хабар қилиш) тартиби жорий этилади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши бўйича 2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси, 2023-2024 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ҳамда 2023 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати тасдиқланади.
Фармонда болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш, 100 фоиз мактабгача таълим ташкилотларини тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлаш, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш, умумий ўрта таълим муассасаларини тоза ичимлик сув ва замонавий санитария-гигиена, инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш, 700 га яқин номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, педагоглар учун методик қўлланмалар ва мобиль иловалар яратиш, янги авлод дарсликлари асосида планшетлар учун бир мингта мультимедиа дастурларини яратиш, таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар хорижий тиллар бўйича мутахассисларни жалб этиш сингари қатор вазифалар қайд этилгани ҳам алоҳида эътирофга моликлир..
Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиши, аҳоли турмуш фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилиши билан муҳим ва тарихий аҳамиятга эгадир.
Диёрбек Турғунов,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий
бўлинмаси раҳбари.
ЎзА