Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларга мувофиқ, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги таҳрири ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган натижалар, шунингдек, глобал ва минтақавий жараёнлардаги кескин ўзгаришлар ҳамда янги хавф-хатар ва имкониятларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янгиланган таҳририда рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгиланган. Хусусан, рақамли хизматлар экспортини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш устувор вазифа сифатида қайд этилган. Бу эса мамлакат учун кенг имкониятларни очади: IT соҳасида инновациялар ва стартаплар фаоллашади, юқори малакали кадрларга талаб ортади ҳамда минглаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Стратегияда сунъий интеллект йўналишини ривожлантириш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, 5 миллион нафар “сунъий интеллект етакчилари”ни тайёрлаш мақсади қўйилган. Бу ташаббус аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш, замонавий кўникмаларни кенгайтириш ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади. Натижада давлат бошқаруви, саноат, қишлоқ хўжалиги, банк-молия ва хизматлар соҳасида ақлли технологиялар кенг қўлланилиб, янги иш ўринлари яратилиши, меҳнат унумдорлиги ошиши ва иқтисодиёт рақобатбардошлиги мустаҳкамланишига эришилади.
Яна бир муҳим мақсад — Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексида (Government AI Readiness Index) Ўзбекистоннинг 50-ўринни эгаллашини таъминлашдир. Ушбу рейтингда юқори натижа қайд этилиши, аввало, давлат бошқарувида сунъий интеллектни жорий этиш учун зарур инфратузилма ва ҳуқуқий база шакллангани, рақамли хавфсизлик кучайгани, маълумотлар билан ишлаш маданияти ҳамда кадрлар салоҳияти юксалганини англатади. Бу эса давлат хизматлари сифати ва самарадорлигининг янада ошишига, қарор қабул қилиш жараёнида эса шаффофлик ва аниқликнинг кучайишига олиб келади.
Ушбу вазифаларнинг барчаси якунда рақамли иқтисодиётнинг кенгайишига хизмат қилади. Рақамли иқтисодиёт, бу – фақат IT соҳаси эмас, балки бутун иқтисодиётда маълумот, технология ва инновациялар асосида қиймат яратиш демакдир. Масалан, электрон тижорат ривожланса — савдо кенгаяди; рақамли молия хизматлари кучайса — тадбиркорлик учун кредит ва тўловлар осонлашади; саноатда рақамли ечимлар жорий этилса — таннарх пасайиб, маҳсулот сифати ошади. Шу тариқа мамлакатнинг умумий рақобатбардошлиги кучаяди, экспорт географияси кенгаяди, янги бозорлар очилади.
Бундан ташқари, рақамли трансформация ижтимоий ҳаётга ҳам бевосита ижобий таъсир кўрсатади. Таълимда масофавий платформалар ва сунъий интеллектга асосланган ўқитиш усуллари билим сифатини оширади. Тиббиётда электрон тизимлар ва АI диагностика имкониятлари хизмат кўрсатиш тезкорлигини кучайтиради. Қишлоқ хўжалигида “ақлли” мониторинг, сув ва ўғит сарфини оптималлаштириш ҳосилдорликни оширади. Энг муҳими, фуқаролар учун давлат хизматлари қулайлашади: навбатлар камаяди, ҳужжатлар рақамли кўринишга ўтади, инсон омили қисқаради.
Стратегия доирасида белгиланган рақамли мақсадлар амалда натижа бериши учун тизимли ёндашув зарур. Биринчидан, инсон капиталига инвестиция — яъни таълим, қайта тайёрлаш ва рақамли кўникмаларни оммалаштириш доимий бўлиши керак. Иккинчидан, бизнес муҳитини қўллаб-қувватлаш — IT-компаниялар, стартаплар, экспорт қилувчи хизматлар учун молиявий ва институционал рағбатлар кенгайтирилиши лозим. Учинчидан, рақамли хавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш масалалари кучайтирилмаса, рақамли ўсиш барқарор бўлмайди. Тўртинчидан, давлат бошқарувида маълумотлар алмашинуви, ягона стандартлар ва интеграция масалалари изчил йўлга қўйилиши керак.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги таҳрири мамлакатнинг келгуси тараққиёт йўналишларини аниқ белгилаб берадиган муҳим дастурий ҳужжатдир.
Унда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли хизматлар экспортини кенгайтириш, сунъий интеллект бўйича кадрлар салоҳиятини ошириш ва халқаро индексларда юқори натижаларга эришиш каби вазифалар илгари сурилгани — Ўзбекистоннинг глобал рақобатга тайёр бўлишини кўзлайди. Ушбу мақсадлар муваффақиятли амалга ошса, мамлакатда юқори даромадли иш ўринлари кўпаяди, давлат бошқаруви янада самарали ва шаффоф бўлади, иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун мустаҳкам рақамли пойдевор яратилади.
Рамзидин Нуридинов,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси