Давлатимиз раҳбари эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон-2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини таъкидлади. Юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикрлари асосида такомиллаштирилмоқда.
Одил судлов академияси профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон-2030” стратегияси мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли стратегик мақсадларини белгилаб берган концептуал дастурий ҳужжат ҳисобланади.
Стратегияда давлат сиёсати устувор йўналишлари, ислоҳотларнинг умумий мантиғи ва ривожланиш моделининг асосий тамойиллари тизимли равишда ифода этилган.

Бироқ ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши, жадал глобал ўзгаришлар ва ички ижтимоий-иқтисодий жараёнлар мазкур ҳужжатнинг амалий ижросини янги босқичга олиб чиқиш заруратини тақозо этди.
Шу нуқтаи назардан, Президент фармони лойиҳаси билан тасдиқланиши назарда тутилаётган “Ўзбекистон-2030” стратегияси тузилиш шакли жиҳатидан аввалги ҳужжатдан сезиларли даражада фарқ қилади ва стратегик режалаштиришнинг сифат жиҳатдан янги модели сифатида намоён бўлади.
Аввало, амалдаги стратегия тузилиш жиҳатидан концептуал характерга эга бўлиб, унда мақсад ва устувор йўналишлар умумий шаклда баён этилган. Янги стратегия лойиҳаси эса “мақсад – мақсаднинг самарадорлик кўрсаткичлари – йиллар кесимида самарадорлик кўрсаткичига эришиш фоизлари – молиявий манбалар – самарадорлик кўрсаткичига эришишга масъул идора” занжирига асосланган тузилишда шакллантирилган. Бу эса, стратегик ҳужжатни амалга оширишга йўналтирилган мазмунни кучайтиради.
Иккинчидан, лойиҳада “Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда реал шароитга мос, ўлчаш ва баҳолаш имкони мавжуд самарадорлик кўрсаткичлари белгиланмоқда.
Учинчидан, аввалги стратегия узоқ муддатли ягона даврга мўлжалланган бўлиб, ислоҳотларнинг босқичлари тузилишда аниқ ажратилмаган. Янги стратегия лойиҳасида эса, йиллар кесимида самарадорлик кўрсаткичига эришиш фоизлари аниқ белгилаб қўйилган.
Тўртинчидан, тузилиш шаклидаги энг муҳим янгиликлардан бири – самарадорлик кўрсаткичига эришишнинг молиявий манбалари сифатида давлат бюджети, маҳаллий бюджет, халқаро молиявий институтлар, хусусий сектор, ҳомийлик ва грант маблағлари кўрсатилмоқда.
Бешинчидан, стратегияда вазифаларнинг аниқ ижрочиларга боғланиши чекланган бўлиб, ижро учун жавобгарлик кўпроқ умумий давлат сиёсати доирасида белгиланган.
Янги стратегия лойиҳасида эса ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига эришишга масъул идора аниқ белгиланиб, идоралараро ҳамкорлик механизмлари ҳам кўрсатилган.
Олтинчидан, Президент фармони лойиҳасида “Ўзбекистон - 2030” стратегияси мақсадларининг самарадорлик кўрсаткичларига эришилишини мониторинг қилиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, уни амалга ошириш механизмлари ҳамда масъул давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари белгиланган.
Еттинчидан, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида 2026 йил давомида ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳалари рўйхатини тасдиқлаш назарда тутилган бўлиб, унда соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари келтирилган.
Саккизинчидан, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ижро этилиши юзасидан аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориб, сўровномалар, жамоатчилик мониторинги натижалари юзасидан эшитувлар ўтказиш ҳамда уларнинг натижаларини кенг жамоатчиликка тақдим этиб бориш белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси тузилиш жиҳатидан мамлакат тараққиётининг концептуал асосларини белгилаб берган бўлса, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги лойиҳа билан тасдиқланадиган “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ислоҳотларни амалий, натижага йўналтирилган ва институционал жиҳатдан мустаҳкам тузилиш орқали таъминлашга қаратилган. Яъни, бу борада сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўйилиши кутилмоқда.
Норгул Абдураимова,
ЎзА