Ўзбекистон кимё саноатида экологик барқарорликни таъминлаш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини амалга ошириш йўлида қатор чоралар кўрилмоқда.
Унга кўра, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан давлат дастури доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тармоқ корхоналарида иссиқхона газлари чиқиндиларини ҳисобга олиш ҳамда углеродни тартибга солиш механизмларининг таъсирини баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда корхоналар учун иссиқхона газларини ҳисоблашга оид вақтинчалик мезонлар – махсус методикалар ва формулалар ишлаб чиқилмоқда. Ушбу асосий ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб, ягона қўлланма тайёрланади. Бу ҳужжат кейинчалик тармоқда ягона стандарт сифатида хизмат қилиши кўзда тутилган.
Жамият ахборот хизмати маълум қилганидек, ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази” ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қошидаги Гидрометеорология маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Шунингдек, мазкур вазирликлар билан биргаликда Карбон чегарасини тартибга солиш механизми – СВАМ (Carbon Border Adjustment Mechanism) тизимини жорий этиш бўйича ўрганиш ва таҳлил ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА