Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакатимиздаги корхона ва ташкилотлар сони 485 мингтани ташкил этган. Бу 2017 йилдагига нисбатан 1,7 маротаба кўп демакдир.
Тадбиркорлик субъектлари сонининг энг юқори ўсиш суръати Навоий, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида кузатилган.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлил савдо-сотиқ, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар каби тармоқларда корхоналар сони ошганини кўрсатди.
Саноатнинг иқтисодий ўсиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлашдаги ўрнини эътиборга олган ҳолда, корхоналар сонининг ортиши ва улуши 14,3 фоизга етганини ижобий ҳолат сифатида таъкидлаш лозим. Шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналар сонининг ўсиши иқтисодиётда рўй бераётган ижобий таркибий ўзгаришлардан далолат беради.
Таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 56-мақсадида иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш белгиланган. Унга асосан нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш, давлат улуши мавжуд 2,3 мингта корхоналар сонини 6 баробарга камайтириш кўзда тутилган, дейилади Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилида.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА