“Ўзбекистон-2030” стратегиясининг янгиланган лойиҳаси 350 дан ортиқ давлат органлари ва илмий марказлар таклифлари асосида такомиллаштирилди. Ушбу лойиҳа аввалгисидан аниқ натижадорлиги ва рақамлаштирилган мезонлари билан тубдан фарқ қилади.
Хусусан, ҳужжатдан баҳолаб бўлмайдиган 130 умумий шиор ва вазифалар чиқариб ташланди. Эндиликда ҳар бир мақсад “инсон қадри учун” тамойили асосида йиллар кесимида тақсимланган бўлиб, 60 га яқин вазирлик ва идоралар фаолияти алоҳида самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳоланиши белгиланди.
Бу Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди.
Мажлисда стратегик мақсадларни ҳудудий даражада амалга оширишнинг узвий давоми сифатида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш ҳамда Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Самарқанд шаҳрини “миллионли шаҳар”га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга тураржой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда.
Чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳри ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгайиб, янги инвестиция ва қурилиш лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратилади.

Самарқанд шаҳрининг кенгайган ҳудудида туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилиши, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ва логистика марказлари қурилиши режалаштирилган.
Сенаторлар мазкур ислоҳотлар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “одамларни ҳаётдан рози қилиш” тамойилининг амалий ифодаси сифатида Самарқанднинг халқаро мегаполис сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА