Ўзсаноатқурилишбанк томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мазмун-моҳияти ва унинг банк соҳаси ривожидаги аҳамиятига бағишланган тадбир ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси, иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев иштирок этди.
Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, халқимиз хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида узоқ йилга мўлжалланган кенг қамровли миллий стратегия тасдиқланди.
Тадбирда сўз олганлар ушбу ҳужжат барча соҳаларда барқарорлик ва бунёдкорликни таъминлаш, хусусан, банк тизимида хусусийлаштириш ва рақамлаштириш саъй-ҳаракатларини кучайтириш, пировардида, ҳар бир инсонга қулай имконият, муайян енгилликлар, моддий ва маънавий манфаат келтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
– Мамлакатимизда ҳар бир соҳа ривожи банк тизими билан чамбарчас боғлиқ, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси, иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев. – Банк кредитлари ҳисобига ҳар йили юзлаб янги завод ва фабрикалар барпо этилмоқда, уларга илғор технологиялар жалб қилинмоқда, минглаб иш ўринлари яратилмоқда. Шу жиҳатдан қараганда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини татбиқ этишда ҳам тижорат банклари зиммасида муҳим вазифалар ўрин олган.
Тадбирда, шунингдек “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳар бир банди моҳиятан инсон қадрини юксалтириш билан бирга, халқаро майдонда Ватанимиз обрўйини янада ошириши қайд этилди.
Банк Ахборот хизмати