Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, мактабгача таълим ташкилотлари сони 33 942 тага, шундан 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74 фоизга, 6 ёшли болаларнинг мактабга тайёрлов қамрови 93 фоизга етказилган. Давлат-хусусий шерикчилик асосида 7 минг 100 ўринли 71 та, оилавий шаклда 116 минг 998 ўринли 4 минг 402 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилган.
АОКА да Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга кўра, “MELQO” баҳолаш тизими асосида республиканинг 100 та давлат мактабгача таълим ташкилоти танлаб олиниб, баҳолаш ўтказилган. 6 минг 598 та давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 92 та педагогика коллежига 36 номдаги ўқув-методик адабиёт ва дидактик материаллар етказиб берилган.
Қайд этилишича, бугунга қадар, республикадаги барча (100 фоиз) давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчилар учун ягона мавсумий таомнома жорий этилди. Мактаблар сони 10 минг 163 тага, ўқувчилар сони 6 476 минг 91 нафарга етди. 37 та мактаб филиалига умумий ўрта таълим мактаби мақоми берилди. Мактабларнинг 1 синфига 689 минг 726 нафар бола қабул қилинди. 974 минг 778 нафар битирувчига (9 ва 11 синф) электрон шаҳодатнома берилди, 11 синф битирувчиларининг 11 минг 879 нафари олтин медаль ва 2 минг 50 нафари кумуш медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, ўтган йил давомида мактаб битирувчиларнинг ОТМ га киришдаги ўртача бали 77,1 баллга етказилган. 500 та мактабда Президент мактабларининг баҳолаш тизими, 135 та мактабда танлов фанлари жорий этилди. “Қизил” тоифага киритилган мактаблар сони 1 минг 526 тадан 404 тага камайди.
Нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 449 тага етказилди. 5 та энг нуфузли халқаро фан олимпиадаларида жами 13 та медаль, бошқа халқаро олимпиадаларда 52 та медаль қўлга киритилди.
Ўзбекистон 2026 йилда энг нуфузли Халқаро кимё ва Халқаро информатика олимпиадаларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мактабларга 500 нафар хорижлик мутахассис жалб этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА