Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекгидроэнерго”да коррупцияга қарши курашиш тизимли амалга оширилмоқда
12:11 / 2025-06-13

Бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Равшан Бойқулов жамиятда 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, жорий йилда “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг “Комплаенс-назорат” ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан белгиланган вазифалар доирасида тизимли тадбирлар ўтказилди. Бу жараён “Ўзбекгидроэнерго” таркибидаги 5 та акциядорлик жамияти, 8 та масъулияти чекланган жамият, 1 та унитар корхона, 1 та қўшма корхона, 15 та филиал ва 1 та нодавлат таълим муассасасини қамраб олди.

Коррупцияга қарши курашиш дастури, лавозимга янги тайинланган ходимлар учун ўқув режаси, хавф-хатарларни баҳолаш йўл хариталари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12 январдаги қарорига мувофиқ, “e-antikor.uz” электрон платформаси орқали 5 та йўналишдаги 30 та индикатор бўйича ҳисоботлар тақдим этилди. Кадрлар танлови жараёнида 7 нафар номзод ҳужжат топширди, улардан 2 нафари ишга қабул қилинди ва барчаси комплаенс-ўрганишдан ўтказилди. Ротация ҳолати кузатилмади.

2025-2028 йиллар учун мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш стратегияси доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ISО 37001:2016 халқаро стандартини иккинчи бор муваффақиятли олди.

Жамият раҳбарияти ва масъуллари томонидан 2025 йил 15 январга қадар манфаатлар тўқнашуви бўйича декларация тўлдириш ишлари амалга оширилди. Бу жараён “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ, ташкилотнинг  Одоб-ахлоқ комиссияси назорати остида ташкил этилди. Натижалар эса веб-сайтга жойлаштирилди.

– Коррупциявий хатарларни бартараф этиш мақсадида 3-12 март кунлари 940 нафар ходим ўртасида аноним сўров ўтказилди. Ундан келиб чиққан таклифлар асосида зарур чоралар кўрилди ва текширувлар олиб борилди. Жамият ва унинг тизим корхоналаридаги фаолият таҳлили орқали 27 та функция аниқланиб, 2025 йил 31 январда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги порталига юкланди. Бу функцияларда хатарларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва ҳаётга жорий этилди. 2025 йилнинг 1-чорагида Президентимиз фармон ва қарорлари асосида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар агентлик платформасига тақдим этилди. Шу даврда жамият ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича профилактика тадбирлари ташкил этилди, – деди Р.Бойқулов.

Брифинг якунида таъкидланишича, 2025 йилда ҳам “Ўзбекгидроэнерго” АЖ фаолиятида коррупцияга қарши тизимни такомиллаштириш, жамиятнинг ҳар бир бўғинида шаффофликни таъминлаш ва хавфларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА