English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан бажарилган ишлар натижаси қандай?
18:13 / 2024-10-10

Бугун  “Ўзбекгидроэнерго” АЖ  фаолиятининг 2024 йил 9 ойлик натижалари таҳлили ҳамда 2025 йилга пухта ҳозирлик кўриш бўйича кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Жамият ижро аппарати ходимлари, тизим корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, масъул ходимлари иштирок этган тадбирда ўтган давр мобайнида белгиланган режавий кўрсаткичлар асосида амалга оширилган ишлар самарадорлиги, эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий кўриб чиқилди.

Унда "Ўзбекгидроэнерго" АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов тизимда эришилган натижалар қаторида йўл қўйилган хато ва камчиликларни ҳал этиш ҳамда ўз ишига нолойиқ масъулларга чоралар кўрилишини таъкидлади.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда қайд этилишича,  жорий 9 ойликда белгиланган режа кўрсаткичларини бажаришда айрим соҳалар бўйича масъуллар томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, инвестиция лойиҳалари доирасида қурилиш-монтаж ишлари, сув омборлари хавфсизлиги ва модернизацияси, асосий фаолиятдан ташқари,  қўшимча даромад ҳамда айрим акциядорлик жамиятлари бизнес режа кўрсаткичлари бажарилмаган. Шу билан бирга, лойиҳа ишларини,  объектларни давлат ва ишчи қабул комиссияларини расмийлаштириш ишлари ҳам ортда қолмоқда.

Шунингдек, йиғилишда энергия ҳосил қилувчи тизим корхоналарининг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Унга кўра, ГЭС ва каскадлар томонидан 2024 йил январь-сентябрь ойларида 6 482 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, режа 108 фоизга бажарилган . Бу эса ўтган йилга нисбатан 116 фоиздир. 

Умумий кесимда режавий кўрсаткичлар бажарилган бўлса-да, бироқ ўтган даврда "Самарқанд ГЭС"лари каскади (89%), "Андижон ГЭС" (96%), "Оҳангарон ГЭС" (89%), "Ҳисорак ГЭС" (82%) ва "Қамчиқ ГЭС" (96%) томонидан электр энергия ишлаб чиқариш режавий кўрсаткичлари бажарилмаган.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики,  "ГЭС-2Б",   "Оҳангарон ГЭС", "ГЭС-23" каби  корхоналар томонидан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ишлаб чиқариш кўрсаткичи 72 миллион киловатт соатга кам ишлаб чиқарилган. Бу эса, ўз навбатида, ўрнатилган қувватлардан фойдаланиш коэффициенти  кўрсаткичига салбий таъсир қилган.

Йиғилишда микроГЭСлар фаолияти сарҳисоб қилинар экан,  ушбу лойиҳаларни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад мавсумнинг сув кам ёки танқис бўлган вақтларида, электр энергияси ишлаб чиқаришнинг узлуксизлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш муҳимлиги қайд этилди. Бироқ бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кутилган натижаларни бермаган.

Йиғилишда йил якунига қадар 3 ойдан камроқ вақт қолганлигини инобатга олиб, нафақат 2024 йил 4-чорагини, балки 2025 йил учун истиқболдаги режаларни белгилаш ва уларни амалга ошириш мақсадида ҳозирданоқ замин яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Жамият ахборот хизматига кўра, йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди ва мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича зарурий топшириқлар берилди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА