Яқинда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ижро аппаратининг бир гуруҳ ходимлари Жон Хопкинс университетида “Энергия трансформациясидаги етакчилик: кам углеродли иқтисодиётда барқарор бизнес стратегиялари” мавзусидаги ўқув дастурида иштирок этди.
Бу ҳақда жамият ахборот хизмати раҳбари Равшан Бойқулов қуйидагиларни маълум қилди:
– Жорий йилнинг август ойида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва АҚШнинг Жон Хопкинс университети ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланган эди. Мутахассисларимизнинг бир гуруҳи айнан шу асосда ўқув дастурида қатнашди ва халқаро тажрибани ўрганиб келди.

АҚШнинг Балтимор шаҳридаги ушбу олийгоҳ жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. У 1876 йилда ташкил этилган. Европа тадқиқот институти моделига асосланган биринчи АҚШ университети сифатида танилган мазкур таълим даргоҳи доимий равишда дунёдаги энг нуфузли илмий марказлари қаторида қайд этилади. У АҚШ Миллий университетлари рейтингида 7-ўринни эгаллаб, фан, таълим ва инновация соҳасида етакчилик қилади.
Ҳамкорлик ташаббуси “Ўзбекистон-2030” стратегияси ҳамда “2025 йил акциядорлар кутилмалари”га тўлиқ уйғун ҳолда амалга оширилмоқда. Меморандум ижроси ташкилотимизнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва экологик жиҳатдан барқарор гидроэнергетика тизимини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Унга мувофиқ, илмий-амалий семинарлар, халқаро тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга жорий этиш, қўшма тадқиқот лойиҳалари, гидроэнергетика ва “яшил” технологияларга оид инновацион ечимлар ишлаб чиқиш, жамият мутахассисларининг АҚШ ва бошқа мамлакатларда стажировкаларда қатнашиш мунтазам олиб борилади. Халқаро тренинглар ва ўқув курслари, барқарор ривожланиш, ESG стандартлари, молиявий ва номолиявий ҳисоботлар, корпоратив бошқарув соҳаларида билим ва кўникмаларни ошириш каби қатор вазифалар ижросини ҳам кўзда тутади.
Шунга асосан ушбу дастур доирасида иқлим ўзгариши, энергия хавфсизлиги, барқарор ривожланиш, тоза энергия технологиялари, янги бозорлар ва энергия трансформацияси омилларини корпоратив қарор қабул қилиш жараёнларига интеграция қилиш каби масалалар чуқур ўрганилди.
Ўқув дастури якунларига кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ходимлари Жон Хопкинс университети томонидан махсус сертификатлар билан тақдирланди. Мазкур ҳужжатлар иштирокчиларнинг энергия трансформацияси, барқарор бизнес стратегиялари ва “яшил” иқтисодиёт тамойилларини амалиётга жорий этиш бўйича халқаро даражадаги билим ва кўникмаларга эга эканлигини тасдиқлайди.
Бу каби билим ва тажрибалар “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг кадрлар салоҳиятини ошириш, замонавий ва илғор билимларни трансформация жараёнига изчил татбиқ этиш ва жамиятнинг келгусидаги барқарор ривожланиш стратегиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.