Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ фаолиятида жамоатчилик назорати кучайтирилмоқда
16:27 / 2026-01-30

Сўнгги йилларда мамлакатимизда энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, айниқса, гидроэнергетика тармоғини ривожлантириш, унда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш, қабул қилинаётган қарорларнинг очиқлигини таъминлаш ҳамда самарадорликни ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шу сабабли, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши доирасида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил муҳокама қилиб келинмоқда.

Ана шу жараёнлар доирасида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ташкил этилди. Йиғилишда жамият фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, инсон ресурсларини ривожлантириш, харид жараёнларини мувофиқлаштириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Инсон ресурслари бошқармаси бошлиғи Иноят Суннатов сўзга чиқиб, кадрлар сиёсати ва ходимлар билан ишлаш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталди. Унинг таъкидлашича, жамиятда малакали мутахассисларни жалб этиш, ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда улар учун шаффоф ва адолатли меҳнат муҳитини яратиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, инсон ресурсларини бошқаришда замонавий ёндашувлар жорий этилаётгани қайд этилди.

Йиғилишда “Комплаенс-назорат” ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Шавкат Каратаев  жамиятда коррупцияга қарши қатъий сиёсат олиб борилаётганини, ички назорат механизмлари кучайтирилаётганини ҳамда ходимлар ўртасида ҳуқуқий онг ва масъулиятни оширишга қаратилган профилактик тадбирлар мунтазам ўтказилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, мурожаатлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилаётгани ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотга алоҳида эътибор қаратилаётгани билдирилди.

Харидларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Элдор Маматов эса давлат харидлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ҳуқуқий асосларига тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги “Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишлар учун муҳим дастуриламал ҳисобланади.

– Ушбу фармонда етти йўналиш бўйича асосий устувор вазифалар белгиланган бўлиб, рақобатли харидлар улушини босқичма-босқич 80 фоизга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Агар 2024 йилда рақобатли харидлар улуши 24 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 57 фоиздан ошди. Эндиги мақсад тўғридан-тўғри харидларни қисқартириш орқали рақобатли харидлар ҳажмини 80 фоизга етказишдир. Демак, ташкилотимиз томонидан бу ҳужжат ижросини таъминлаш ва унда белгиланган устувор вазифаларни бажаришга масъулмиз, – деди Элдор Маматов.

Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, тегишли йўналишлар бўйича амалий чоралар белгилаб олинди. Жамоатчилик кенгаши аъзолари бундай очиқ мулоқотлар жамият фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА