Жаҳонда нуфузли ҳисобланган “Sustainable Fitch” (Лондон) халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини “Pure-Player”, яъни фаолияти тўлиқ экологияга ижобий таъсир кўрсатувчи компания (“соф иштирокчи”) сифатида эътироф этди. Шу билан бирга, агентлик жамият ESG рейтингини “2” даражада тасдиқлади ҳамда компаниянинг умумий натижасини 72 дан 79 баллга оширди.
Мазкур натижа компаниянинг иқлим ўзгаришини юмшатишга қўшган улкан ҳиссаси ҳамда 2024 йилда ишлаб чиқилган янги “Иқлим стратегияси – 2050” орқали углерод чиқиндиларини (иссиқхона газлари) қисқартириш бўйича аниқ мақсадлар белгилаганини акс эттиради. “Sustainable Fitch” ҳисоботига кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бугунги кунда Марказий Осиёдаги энг юқори ESG рейтингга эга компания сифатида тан олинди.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, “Sustainable Fitch” халқаро молия бозори иштирокчилари учун компанияларнинг экологик, ижтимоий ва бошқарув (ESG) самарадорлигини баҳоловчи рейтинг агентлиги ҳисобланади. ESG рейтинглар 1 дан 5 гача бўлган шкалада берилади, “1” – энг юқори, “5” – энг паст даража. Шунингдек, компанияларга 0 дан 100 гача бўлган умумий балл берилади – “0” энг паст, “100” энг юқори кўрсаткич сифатида баҳоланади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатнинг асосий гидроэнергетика ишлаб чиқарувчиси сифатида 75 та гидроэлектр станция ва битта шамол электр станциясини бошқаради. 2024 йил якунига кўра, жами ўрнатилган қувват 2 256 МВтни ташкил этади. Жамият 2050 йилгача мўлжалланган Иқлим стратегиясини қабул қилди, унда Scope 1 ва Scope 2 туркумидаги чиқиндиларни 2028 йилгача 20 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. Бу стратегия Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб ишлаб чиқилган узоқ муддатли декарбонизация дастури ҳисобланади.
Компанияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва дискриминацияга ҳамда таъқибларга қарши сиёсат жорий этилган.
Шунингдек, “Ўзбекгидроэнерго” АЖда икки босқичли бошқарув тизими, самарали риск-менежмент бўлими ва ISO халқаро стандартлари жорий этилган. Ҳисобот даврида бирорта бошқарув инциденти ёки қонунбузарлик ҳолати қайд этилмаган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА