Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” бош ғояси остида “Фахрий журналистлар эътибор ва эъзозда” акциясини ўтказмоқда.
Акция доирасида уюшма вакиллари устоз журналистлар, жумладан, соҳанинг заҳматкаш фидоийси Мухтор Худойқулов хонадонига ташриф буюрди.

Устоз Мухтор Худойқулов - салкам олтмиш йилдан бери бўлажак журналистларга дарс бериб келмоқда.
1965 йилдан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси бўлган М.Худойқулов 1958 йилдан 1964 йилгача марказий газеталарда адабий ходим бўлиб ишлаган.

1964 йилдан Тошкент давлат университети журналистика факультетида ўқитувчи сифатида фаолиятини давом эттирган. Йиллар давомида катта ўқитувчи, доцент, кафедра профессори вазифасини бажарувчи, кафедра профессори лавозимларида меҳнат қилди. Номзодлик ва докторлик илмий ишларини ҳимоя қилиб, филология фанлари доктори илмий даражасини олди.
Бу йил 86 ёшни қаршилаган устоз ҳали ҳам тетик, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бўлажак журналистларга дарс бермоқда.

Умрини ёшларга илм улашишга бағишлаган устоз ҳамон тиниб-тинчимайди. Ҳали нашриётга бориб янги дарслик ва бадиий асарларини чоп эттиради, ҳали дўконма-дўкон юриб, нодир китоблар қидиради.
Устоз билан бир пиёла чой устида бу соҳага қандай кириб келгани ҳақида суҳбатлашилди. У 1951 йилда илк хабари газетада чиққани-ю, кичкина танқидий мақоласи учун директордан аччиқ дакки эшитганигача гапириб берди.

“Журналистикага кириш”, “Журналистик публицистика” сингари қатор дарсликлар ёзган, бадиий ижод йўналишида ҳам самарали ижод қилаётган Мухтор Худойқуловни бемалол ўзбек журналистикасининг “жонли энциклопедияси” деб айтиш мумкин.


ЎзА