Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек жанг санъати: Малакали мутахассислар спорт турлари ривожига хизмат қилади
11:22 / 2025-09-20

Мамлакатимизда миллий спорт турлари ривожини қўллаб-қувватлаш, унинг қонун-қоидаларини халқаро талаблар асосида ишлаб чиқиш, усулларини такомиллаштириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш устувор вазифалардан бири саналади.

Шу мақсадда кураш, белбоғли кураш, этно спорт турлари ва от спорти йўналишлари тараққиёти борасида бир қатор қарор ва дастурлар, “йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Янгича тамойиллар ҳаётга татбиқ этилди. Халқаро спорт майдонларида чемпионатлар, кўргазмали чиқишлар, ўнлаб спорт тадбирлари ўтказилди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар халқимизнинг бой маданияти, урф-одатлари ва анъаналарининг замонавий қиёфасини спорт орқали дунёга намойиш этиш учун зарур шарт-шароитларни яратадики, бу Ўзбекистон миллий спорт турлари қиёфасини халқаро майдонда янада ёрқинроқ намойиш этилишига хизмат қилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, миллий спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда куни кеча Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўзбек жанг санъати спорт тури бўйича халқаро мураббийлик ва ҳакамлик семинари ўтказилди.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда мамлакатимиз ҳудудларидан мураббий ва ҳакамлар иштирок этган семинарда ўзбек жанг санъатининг йўналишлари, унинг тарихий илдизлари борасида тушунчалар бериб ўтилди.

-Семинар давомидаги машғулотлар орқали мураббий ва ҳакамларнинг малакаси оширилди. Энг муҳими, жаҳон ареналарида ўзбек жанг санъати мусобақаларида ҳакамлик қилиш истагида бўлган мутахассислар сафи ортди. Истагимиз, бундай семинарлар, ўқув-машғулот йиғинлари сонини ошириш. Жорий йил давомида Жанубий Корея, Қозоғистон, Тожикистон давлатларида ҳам семинарлар ташкил этишни режа қилганмиз. Мақсадимиз миллий спорт турларимиз қамровини кенгайтириш, -дейди Ўзбекистон Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Пўлат Усмонов.

Семинар якунида ўзбек жанг санъати бўйича билимларини оширган, зарур кўникмаларга эга бўлган бир қатор мутахассисларга сертификатлар тақдим этилди.

Тўлқин Рўзиев,

ЎзА