Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек ёшлари Беларус форумида
15:11 / 2025-10-03

Жорий кунларда Беларус Республикасининг Минск шаҳрида “III МДҲ ва VII ёшлар форуми” бўлиб ўтмоқда. Форумда Ўзбекистон ёшлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ушбу тадбир МДҲга аъзо давлатлар ёшлари ўртасида фикр ва тажриба алмашишни, келгусида қатор йўналишларда яқин ҳамкорликни таъминлашни ҳамда ёшлар ривожланиши йўлидаги муаммо ва тўсиқларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишни мақсад қилган.

Форумнинг иккинчи кунида ёшлар “Рақамли технологиялар даврида замонавий кутубхоналарни ташкил этиш” мавзусида ўтказилган семинарда иштирок этдилар. Унда рақамли ахборот ресурсларидан фойдаланиш, кутубхона хизматларини модернизация қилиш ҳамда ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, форум иштирокчилари Беларус Миллий Техника Университети (БНТУ) қошидаги Политехника технопаркига ташриф буюрди. У ерда улар умумий илмий-таълим маконини ривожлантириш бўйича хорижлик ёшлар билан очиқ мулоқот олиб боришди. Миллий болалар технопаркида ёшларни бирлаштирувчи ва уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.

Юқори технологиялар паркида ўтказилган махсус ўқув курсларда ёшларимиз инвесторларга бизнес ғояларни қандай тақдим этиш ҳақида назарий ва амалий билимлар олдилар.

Бундай форумлар ёшларнинг тафаккурини кенгайтириш, замонавий билим ва тажрибага эга бўлиш ҳамда дунё ёшлари билан мулоқот қилиш учун муҳим майдон ҳисобланади.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА