Маълумки, шу кунларда Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳамда халқаро маданий мерос ҳафталиклари доирасида қатор халқаро форумлар, учрашувлар ва мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, "Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва ОАВ, ижтимоий тармоқларнинг кенг ривожланиши - демократик қадриятларни кенгайтириш йўлида" мавзусидаги форумда Хитой ва Марказий Осиёни ўрганиш маркази директори Сяотун Чжан ҳамда АОКА директорининг ўринбосари Ғайрат Бозоров ва мутасадди ходимлар иштирокида ўтказилган учрашувда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Хитой вакили мамлакатларнинг адабиёти, маданияти, тарихи билан кенг таништириш мақсадида асарлар таржимасини кенгайтириш, бунда мумтоз адабиётлардан тортиб, замонавий адиблар ижодигача қамраб олиш, икки томон кутубхоналарида таржима асарларни кўпайтириш юзасидан таклифлар билдирди.

АОКА директорининг ўринбосари Ғайрат Бозоров Хитой Халқ Республикаси Босма ва нашрлар ишлари миллий агентлиги билан турли қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш орқали маданий алоқаларни кенгайтиришни мақсад қилган икки томонлама меморандум имзолаш режалаштирилаётганини, ўзбек-хитой адабиётлари таржималари сонини ошириш ҳам ушбу меморандумда кўзда тутилганини таъкидлади.

Шунингдек, АОКА ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан йўлга қўйилган "Минг китоб" лойиҳаси ҳақида маълумот бериб, ушбу лойиҳа доирасида энг харидоргир ва кўп ўқилган Хитой асарларини таржима қилиш учун таклифлар бериш мумкинлигини айтди.
Келаси йилда бўлиб ўтадиган "Tashkent Book Fest" IV Халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида хитойлик адиблар, ноширлар, матбаачилар иштирок этади. Бунда босма-матбаа нашрларини Ўзбекистонда тарғиб қилиш имконияти яратилади.
Мазмунли ва конструктив ўтган учрашувда самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди.
Н.Усмонова,
ЎзА