Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек ва турк қардошлиги - азалий қадрият
22:12 / 2022-03-28

Ўзбекистон билан Туркияни ўхшаш тил, муштарак тарих, маданият ва анъаналарга асосланган яқин муносабат бирлаштириб туради. Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олгани ҳам ана шу жипсликнинг юксак ифодаси бўлган эди.

1996 йил мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. 2017 йил октябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга илк давлат ташрифи чоғида мамлакатларимиз ҳамкорлигини стратегик шериклик даражасига кўтарадиган Қўшма баёнот имзоланган.

Ўзбекистон Туркия учун Ота юрт каби қадрли, 30 йилдан буён минтақадаги тинчлик ва барқарорлик гарови бўлиб келган дўст, қардош мамлакатдир.

Хориждаги Турклар ва Қардош жамиятлар ташкилоти давлатлараро илиқ муносабатларни ёш авлод онгига сингдиришдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган муассаса ҳисобланади.

Жамоамиз Ўзбекистонда ҳам кўплаб қўшма лойиҳалар, тадбирлар амалга ошириб келмоқда. Бундан кўзланган мақсад Туркия ва Ўзбекистон ёшлари учун бир-бирларини яқиндан билиш, илм-фан, маънавият, санъат ва бошқа соҳаларда ўзаро фикр, тажриба алмашиш имкониятини яратиш. Турк ва ўзбек ёшлари ўз мамлакатлари тараққиётига янада кўпроқ ҳисса қўшиб, йирик минтақавий ва глобал лойиҳаларда фаол иштирок этишига эришиш.

Ташкилот кўмагида амалга ошириладиган лойиҳалар орқали ёшларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ дастурлар, муштарак қадриятларимизни жонлантирувчи таълим йўналишлари ҳам қамраб олинади. Масалан, таълимга оид, дунёнинг турли давлатлари ёшлари фойдаланаётган “Туркия грандлари дастури” тобора шаффоф ва муҳим йўналишга айланмоқда. Мазкур дастурни, мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда, келгусида саноат, савдо, иқтисодий ва дипломатик йўналишлар бўйича кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Ҳозирги кунда дунёнинг 30 мамлакатида “Туркия битирувчилари жамияти” тузилган. Туркияда таҳсил олган хорижлик талабаларни бирлаштирувчи ушбу тузилманинг яна бир бўлими Ўзбекистонда ташкил этилиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш йўлида ташланган муҳим қадамдир.

Хулоса қилиб айтганда, азалий қадрият - ўзбек ва турк қардошлиги бугунги авлод тимсолида изчил давом этади.

Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга бу галги ташрифи ҳам давлатларимиз, халқларимиз яқинлигини янада мустаҳкамлаб, ҳамкорлигимиз самараси ўзбек-турк ёшлари ҳаётида ҳам ўз ифодасини топади.

Абдуллаҳ Эрен,

Хориждаги турклар ва қардош жамиятлар ташкилоти раҳбари