Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек ва тожиклар бир оиладек яшайди
18:26 / 2021-08-03

Президентимизнинг 2021 йил 30 июлдаги “Халқлар дўстлиги куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жамиятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини асраш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаш ҳамда ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ юртдошларимиз юксак мукофотларга сазовор бўлди.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги «Сўғдиён» тожик миллий маданий маркази раиси Орзугул Абдураҳмонова ҳам "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. У ўз фаолияти давомида ҳудуддаги тожик миллати вакилларнинг миллий анъаналари, расм-русумлари, ҳунарлари, миллий таомлари, миллий кўргазмалари, санъатини ривожлантирмоқда. 

Марказ қошида миллий “Сўғдиён” фольклор ансамбли ташкил этиб, “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда”, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Шу азиз Ватан – барчамизники” шиори остидаги барча фестивалларда совринли ўринларни эгаллаб, шаҳар, вилоят, Республика миқёсида ўтказилган тадбирларда тожик миллий санъатини тарғиб этмоқда.

Қаҳрамонимиз олиб бораётган ишлари, жўшқин фаолияти ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.

– Мен энг бахтли аёлман, – дейди О. Абдураҳмонова.– Дунёнинг ҳеч бир давлатида Ўзбекистондаги каби 7 тилда давлат мактаблари фаолият юритмайди. Бошқа миллатга бўлган меҳр ва муҳаббатни тенг ҳуқуқликни ҳар бир жабҳада кузатишингиз мумкин. Таълимда, ОАВларида бунинг ёрқин мисолини кўриш мумкин. Айниқса, барча телеканалларда тожикларнинг урф-одатлари, расм-русумлари, миллий таомлари бўйича телекўрсатувлар кўрсатиб келинмоқда.

2018 йил Бекобод шаҳридаги чегара постининг очилиш маросимида иштирок этдик. У ерда юрагимга қадалиб қолган бир воқеани гувоҳи бўлдим. Йиллар давомида Тожикистон ва Ўзбекистонда айро ҳолда яшаётган ака-сингилларни бир-бирини қучоқ очиб, ҳис-ҳаяжон билан қарши олгани ҳалигача ёдимда.

Қарийиб 14 йилдан бери Чирчиқ шаҳридаги 25-сонли умумтаълим мактабида директорлик лавозимда ишлайман. Педагогик фаолиятим, жамоат ишларидан ортиб, ўзим яшайдиган маҳаллада ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этаман. Депутат аёл сифатида маҳалладаги муаммоларни ўрганиб кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиб келяпман.

Яқинда "Маънавият тарихидан лавҳалар"," Шарқ мутафаккирларининг тарбиявий-аҳлоқий ўгитлари" ҳамда тожик тилидаги "Одамушшуъаро устод Абӯабдуллоҳи Рудаки" рисолаларни нашрдан чиқардим. Мақсадим бу йўналишда ҳам фаол ижод қилиш. Муҳими, оилам, яқинларим бу саъй-ҳаракатларимни қўллаб-қувватламоқда.

Халқлар дўстлиги куни муносабати билан кўплаб юртдошларимиз қаторида мен ҳам мукофотланганимдан хурсандман. Бундан кейин ҳам фаол меҳнат қилишга ҳаракат қиламан. Чунки, Ўзбекистон – бизнинг Ватанимиз, жонажон уйимиз. Бу ерда ўзбек-тожик халқлари бир оиладек яшайди

ЎзА мухбири

А.Мусаев ёзиб олди.