Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек ва тожик тилшунослигига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди
14:05 / 2024-09-18

Академик Бобожон Ғофуров номидаги Хўжанд давлат университетида таниқли тилшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Абдували Бердиалиев таваллудининг 85 йиллигига бағишланган хотира тадбири ва халқаро конференция ташкил этилди. “Ўзбек ва тожик филологиясининг долзарб масалалари” мавзусидаги илмий анжуманни Марказий Осиё миллатлар жамияти раиси муовини, Хўжанд давлат университети ректори, тарих фанлари доктори, профессор А.Усмонзода табрик сўзи билан очиб, профессор Абдували Бердиалиевнинг ҳаёти ва ижоди, серқирра фаолияти, бой илмий мероси, шогирдлари, у яратган мактабнинг икки тил ривожидаги ўрни ва аҳамияти юзасидан атрофлича маълумот берди. Шундан сўнг иштирокчи ва меҳмонларни Сўғд вилояти ҳокими Ш.Ражабзода қутлади.

Фарғона давлат университети профессори, филология фанлари доктори Муҳаммад Ҳакимов тилшуносликнинг замонавий йўналишлари билан боғлиқ долзарб муаммолар ечими доирасидаги вазифалар хусусида маъруза қилди. Айниқса марҳум олим Бердиалиевнинг ўзбек ва тожик тилшунослиги тараққиётига қўшган ҳиссаси, соҳадаги муҳим жиҳатларга нисбатан қараши, бой илмий мероси, одамийлик хислати ҳақидаги хотиралари тингловчиларда илиқ таассурот қолдирди.

ФарДУ профессори Мухторали Зокиров Бердиалиевнинг тилшунос сифатидаги тадқиқотлари, илмга муносабати, масъулият ва бурчга ёндашуви, шогирдлар учун ибратли фазилатларига алоҳида тўхталди.

Ренессанс таълим университети профессорлари Мўминжон Турдибеков ва Икром Исломов икки қардош мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболига доир маъруза қилишди.

Кун тартибига қўйилган масалалар қизғин муҳокама этилган халқаро конференцияда филологиянинг турли йўналишларида фаолият олиб бораётган олим, тадқиқотчилар фаол чиқишлари билан иштирок этди.

Тадбир якунида томонлар ўзбек ва тожик тилшунослиги тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган мазкур анжуман анъана тусини олишига ишонч билдиришди. 

ЎзА