Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек ва қозоқ халқларини бирлаштирувчи адиба
15:35 / 2025-05-30

Ўзбекистондаги кўп миллатли адабиётнинг истиқболли намояндаларидан бири шоира ва таржимон Лола Жумановадир. У Абай, Жамбул, Мухтор Авезовлар тилида ижод қилади ва икки қардош халқ шеъриятининг энг сара намуналарини ўзбек тилидан қозоқ тилига, қозоқ тилидан эса ўзбек тилига таржима қилади. Касби бўйича Л.Жуманова катта тажрибага эга ўқитувчи, рус тилидан дарс беради. Адабиёт институтини, ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган.

“Жузим бағы” (“Узум боғи”), “Сағыныш сазы” (“Соғинч оҳанги”) ва бошқа кўплаб китоблар муаллифи. Шеърлари “Ўзбекистондадир бахтим, толеим” (“Ўзбекистонда менинг бахтим”) ва “Озбекистандық қазақ ақындары жырларынын антологиясы” (“Ўзбекистонда яшаётган қозоқ ақинлари куйлари антологияси”) альманахларига киритилган.

– Ёшлигимда фаол эдим. Бу мени меҳнат қилишга, шеър ёзишга, ижтимоий фаолият билан шуғулланишга ундади, – дейди Л.Жуманова.

2000 йиллар бошида Л.Жуманова ўқитувчиликка ижодий ёндашгани учун “Ижодкор ўқитувчи” кўкрак нишони билан тақдирланган, 2004 йилда эса “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” унвонига сазовор бўлган.

Л.Жуманова серқирра аёл. У ижодий фаолиятидан ташқари ЎзЛиДеП аъзоси сифатида партия ишларида ҳам қатнашади. Қишлоқ мактабида жамоат ишлари билан ҳам шуғулланади. Ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида қозоқ адабиёти кенгаши ишида фаол иштирок этади. 

– Бу ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги қардошлик ришталарини сақлаб қолиш учун зарур, – дейди шоира.

Л.Жуманова турмуш ўртоғи билан бирга уч фарзандни вояга етказди. Ҳаммаси олий маълумотли. Бири технолог, иккинчиси эколог, учинчиси ўқитувчи. 

– Болаларни шундай тарбиялаш керакки, улар жамиятга фойда келтирсин, – дейди қаҳрамонимиз.

– Мен қозоқ халқининг қизиман, лекин менинг ватаним Ўзбекистон. Уч тилда равон гапираман ва ёзаман. Асосан қозоқ тилида ёзаман, лекин ўзбек тилида ҳам кўп шеърларим бор. Мен ўзим рус тилидан дарс бераман. Рус тилидаги шеърларни ёқтириб қолсам, уларни ўзбек ёки қозоқ тилларига таржима қиламан. Ҳозир нафақадаман. Менга аёллар, табиат, ёшлар тарбияси, халқлар дўстлиги ҳақида мавзулар яқин. Мен учун ер юзида ва юртимизда тинчлик ҳукм суриши, инсонлар атроф-муҳитга эътиборли бўлиши, меҳр-оқибат инсонлар қалбидан ўчмаслиги муҳим, – дейди Лола Жуманова.

Лира Шафиқ, ЎзА