Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қорақалпоғистонда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, Оролбўйи ҳудудининг экологик хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳоли фаровонлигини яхшилаш, уларнинг даромадларини ошириш борасида қатор янги корхоналар барпо этилди, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилди. Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари азалдан бир тану бир жон бўлиб, маънавий-руҳий жиҳатдан яқин, маданияти муштарак бўлиб келган.
Нукусда бўлиб ўтган нохуш воқеалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, ҳар биримизни чуқур қайғуга солди. Айрим фитначи кимсалар томонидан уюштирилган намойишлар юртимизнинг тинчлигини, осойишталигини кўролмаслик оқибати, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг азалий дўстлиги, биродарлигига совуқчилик туширишга уриниш эканлиги сир эмас. Аммо шуни таъкидлаш керакки, мамлакатимиз яхлитлиги, тинчлигини кўра олмаётган ёвуз кучлар, бу каби нохуш ҳодисалар ҳеч қачон ўзбек ва қорақалпоқ бирдамлигига, тинчлигига рахна сола олмайди. Бу икки элнинг қадрдончилиги, оғзибирчилиги бузилмайди.
Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир бурчагида қорақалпоғистонликлар барча ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланган ҳолда, тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида истиқомат қилаяпти. Ҳар бир ташкилот ва идорада, корхоналарда, таълим муассасаларида қорақалпоқ фарзандлари шу юртнинг келажаги йўлида бирдек хизмат қилмоқда, сифатли таълим олиш имкониятларидан фойдаланмоқда.
Шу ўринда айтишим керакки, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида, шу жумладан, Паралимпия факультетимизда ўнлаб қорақалпоқ ёшлари ҳамма қатори тенг шароитларда таҳсил олмоқда. Улар орасида турли спорт мусобақаларида, республика чемпионатларида ҳамда Олимпия ўйинларида фахрли ўринларни эгаллаган ёшлар ҳам талай. Қолаверса, яна бир нечта қорақалпоқ талабаларимиз бундан кейинги ўтказиладиган турли даражадаги спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиш учун тайёргарлик кўришмоқда. Албатта, уларнинг ютуқлари бардавомлиги йўлида барча имкониятларни яратиб беришга эътибор қаратиб келинаяпти.
Бир сўз билан айтганда, ўзбек ва қорақалпоқ – эту тирноқ бир халқ, бир эл-улусдир. Қорақалпоқ ёшлари бизнинг ҳам фарзандимиз, укамиз, синглимиз, қадрдонимиз, юртимизнинг бугуни ва эртасидир.
Шундай экан, ўтмиши, бугуни ва келажаги муштарак бўлган икки номдаги бир халқнинг бирдамлигини, тинчлигини, ҳузур-ҳаловатини ҳеч ким, ҳеч қандай куч буза олмайди. Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган тинчликпарвар сиёсат, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, мамлакатимиз яхлитлиги ва барқарорлиги мустаҳкамланади.
Сойибжон Тожибоев,
ЎзДЖТСУ Паралимпия факультети декани,
педагогика фанлари доктори, профессор