Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги “Texnopark”да бўлиб ўтаётган Ўзбекистон — Қирғизистон бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида “B2B” ва “G2B” шаклидаги учрашувлар ҳам ташкил этилди.
Очиқ мулоқот олиб бориш, истиқболли лойиҳа ва келишувлар ишлаб чиқишни ўз ичига олган ўзаро манфаатли йўналишларни аниқ белгилаш ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали шаклини яратишни назарда тутувчи ушбу анжуманда томонлар бир қатор самарали келишувларга эришди. Жумладан, электротехника, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва ветеринария, тўқимачилик ва енгил саноат, энергетика каби муҳим соҳаларда маҳсулот айирбошлаш, ишлаб чиқариш ва етказиш, хизмат кўрсатиш бўйича ҳамкорликдаги фаолиятни ташкил этишга келишилди. Аниқ тадбиркорлик субъектлари ўртасида таъсис шартномаси, ўзаро савдо тўғрисида битим, ҳамкорлик тўғрисида меморандум кўринишидаги ҳужжатлар имзоланди.
Маълумот ўрнида: 2020 йил якуни бўйича мамлакатларимиз аро савдо айланмаси 903,1 миллион долларни ташкил этиб, шундан 756,6 миллион доллари экспорт, 146,5 миллион доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келмоқда.
2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида қирғиз капитали иштирокида фаолият юритаётган 183 бизнес субъектининг 104 таси қўшма, 79 таси 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхонадир.
Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА