Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек ва корейс халқининг фахри ва ифтихори
16:54 / 2025-08-06

Ўрта Чирчиқ туманида икки карра меҳнат қаҳрамони Ким Пен Хва таваллудининг 120 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Иброҳим Холматов, Тошкент вилоят ва Ўрта Чирчиқ туман масъуллари, ҳудуддаги корейс маданий маркази фаоллари ва аҳолиси қатнашди. 

Таъкидланганидек, Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги йилларда ҳудудда ғалла, шоли, пахта, маккажўхори экин майдонларини кенгайтириш, экинлар ҳосилдорлигини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Ўз меҳнати билан нафақат аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшган, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ташкилотчиси, деҳқончилик амалиётининг етук устаси Ким Пен Хва кўпчиликка ўрнак бўлди. У 1937 йилдан умрининг охири – 1974 йилгача тумандаги “Полярная звезда” колхозига раҳбарлик қилди. 

Унинг саъй-ҳаракатлари билан мазкур туман бўйича кўп йиллар мобайнида пахта, шоли, каноп ва бошқа экинлардан юқори ҳосил олишга эришилди. Шу билан бирга, “Пахтадан мўл ҳосил етиштириш тажрибаси”, “Маъмурчилик йўлида” китоблар муаллифидир. Унинг меҳнатни ташкил этишдаги илғор тажрибаси дунё миқёсида ҳам маълум ва машҳур бўлган. Шу сабабли ҳам бу хўжаликка даврнинг машҳур инсонлари Шароф Рашидов, Фидел Кастро каби давлат раҳбарлари, биринчи фазогир Юрий Гагарин, жаҳон бокс қироли Муҳаммад Али сингари шахслар ташриф буюрган. 

Ким Пен Хва ўзбек ва корейс халқининг фахри ва ифтихори. Ҳозирги кунда унинг номи берилган шу ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини бор ва унинг марказида музей ташкил этилган. Бу ерда унга бронза бюст ҳам ўрнатилган. 

– Бу инсон ўз меҳнати билан ҳудуд ривожи учун катта ҳисса қўшиб, халқимиз орасида эътибор қозонган. Тадбир давомида ҳам унинг амалга оширган ишлари хотирланди. Ўша даврларда ҳам барча халқлар ҳамжиҳатликда яшаб, келгани, байрамлари, тўйлари бирга ўтганини музейдаги суратлардан кўриш мумкин. Ҳозир ҳам Тошкент вилоятида корейс, қозоқ, тожик, қирғиз каби 30 дан ортиқ давлат рўйхатидан ўтган миллий маданий марказлар дўстликни тараннум этмоқда. Улар ташкил қилаётган байрам ва ижтимоий тадбирларда фаол қатнашади, – дейди Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Иброҳим Холматов. 

Тадбир иштирокчилари унинг хотирасига ҳурмат кўрсатди ва бюст пойига гуллар қўйилди. Шундан сўнг барча музейда тарихни акс эттирган экспонатлар, эсдалик фотосуратлари билан танишди. 

А.Мусаев,ЎзА.