"Uzbekistan Airports" ташаббуси билан яратилган, биринчи ўзбек учувчиси Абдусамат Тайметов ҳаёти ва Тошкент “ТАПОиЧ” заводида Li-2 самолётининг яратилиши тарихига бағишланган “Тайметов. Ғалаба парвози” ҳужжатли фильми Россиянинг 89 минтақасида ўтказилган умумхалқ овоз бериш натижаларига кўра Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги энг яхши фильм деб эътироф этилди.
Ҳужжатли фильм уруш қаҳрамони, биринчи ўзбек учувчиси Абдусамат Тайметовнинг ҳаёт йўли ва тарихий жасорати ҳақида ҳикоя қилади.
Айнан у Берлиндан Москвага Рейхстаг устига ўрнатилган Қизил байроқни, Германиянинг сўзсиз таслим бўлиши тўғрисидаги актни ҳамда кейинчалик Кремль деворлари ёнида ёқиб юборилган Учинчи Рейх байроқларини самолётда етказиб берган.
Шунга қарамай, учувчининг номи кўп йиллар давомида муносиб эътиборга лойиқ бўлмай келган.
Фильмнинг илк намойиши жорий йилнинг 12-май куни Тошкентда ёпиқ форматда бўлиб ўтган эди. Охирги олти ой ичида у қатор халқаро фестивал ва форумларда тақдим этилиб, бир неча муҳим мукофотларга сазовор бўлди.
Тез орада ҳужжатли фильм маҳаллий ва халқаро стриминг платформаларида ҳам намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса кенг жамоатчиликка Абдусамат Тайметов мероси билан янада яқиндан танишиш имконини яратади.
Ҳамроз Баянов, ЎзА