Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган ўндан ортиқ миллий маданият марказлари қатори тожик ва тожикзабонлар марказининг ҳам ўз ўрни бор.
Самарқандда яшовчи тожиклар ва тожик тилида сўзлашувчи аҳолининг миллий анъана ва қадриятлари, урф-одат ва маросимларини асраб-авайлаш ва давом эттиришларига кўмаклашиш, маданият, адабиёт, санъат ва бошқа йўналишларда иш олиб бориш марказ фаолиятининг асосини ташкил этади.
– Аслида, ўзбек ва тожик халқлари бошқа тилда гаплашсада урф-одат ва анъаналаримиз, маданият ва санъатимиз, турмуш тарзимиз деярли бир хил, – дейди Самарқанд вилояти тожик ва тожикзабонлар миллий маданият маркази раҳбари Акбар Маҳмудов. – Адабиётимиз илдизлари ҳам азалдан муштарак бўлиб келган. Навоий ва Жомийнинг бу борадаги хизматлари ҳамон икки халқ адабиётини, адабий алоқаларини мустаҳкамлаб турибди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг дўстона муносабатлари, бир дарёдан сув ичиб келаётган ўзбек ва тожик халқларининг хоҳиш-истакларига мос оқилона сиёсатлари туфайли бу алоқалар янада ривожланмоқда. Биз ҳам бунга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан фахрланамиз. Бу ҳақда гапирганда, кейинги йилларда марказимиз ташаббуси билан “Саодати дўсти”, “Айнийшунослик Самарқандда”, “Си гуфтор аз си тор”, “Армуғон”, “Субҳ ба хайр” номли шеърий-публицистик китоблар чоп қилинганини алоҳида таъкидлашни истардим.
Ўтган йил Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан эълон қилинган грант танловида Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобини тожик тилига таржима қилиш бўйича лойиҳа билан қатнашиб, ғолиб бўлгандик. Йил бошида ушбу китоб “Қайдҳо дар ҳошияи дафтар” номи билан нашр этилиб, вилоятдаги таълим муассасалари, маҳаллаларга тарқатилмоқда. Яқинда кенг жамоатчилик иштирокида ушбу китоб тақдимотини ҳам ўтказдик.
Бундан ташқари бу йил Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг 40 миллион сўмлик грантини қўлга киритиб, Наврўз умумхалқ байрами билан боғлиқ анъана ва қадриятлар ифодаланган китоб тайёрлаяпмиз. Насиб этса, Мустақиллик байрамига қадар ушбу китобни чоп этилади. Бу йил марказимиз учун самарали йиллардан бири бўлмоқда. Республика тожик миллий маданият маркази, Тожикистон ёзувчилар ва журналистлар иттифоқлари билан ҳамкорликда бир қатор маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказдик. Қўшни давлатдаги ижодий уюшмалар вакиллари келиб, Самарқанддаги ижодкорлар, таҳририятлар фаолияти билан танишди, ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди. Тожик тилида ижод қилаётган самарқандлик уч нафар ижодкор Тожикистон ёзувчилар уюшмасига, икки нафар журналист Тожикистон журналистлар иттифоқи аъзолигига қабул қилинди. Ўзбек ва тожик адабиётининг етук вакили Садриддин Айний таваллудининг 144 йиллигини республика миллий маданият маркази билан ҳамкорликда Самарқандда кенг нишонладик. Шунингдек, яқинда Тожикистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Самарқандда бўлиб, марказимиз фаолияти билан танишди. “Овози Самарқанд” газетаси ижодкорлари билан учрашди. Ўз навбатида самарқандлик ижодкорлар ҳам тез-тез Тожикистонга бориб, адабий алоқаларимиз ривожига ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунда Самарқанд ва Тожикистоннинг Суғд вилоятлари ўртасида дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган алоқалар ўрнатилган. Ҳар йили ушбу вилоятларда бизнес форумлар, маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Суғд вилояти раҳбарияти таклифига кўра, шу йилнинг 15 апрель куни самарқандлик бир гуруҳ фаоллар Панжикент шаҳрида ўтказилган Наврўз байрами тантаналарида иштирок этдик. Жорий йилда Самарқанд ва Хўжанд шаҳарларида икки вилоят кунларини ўтказиш режалаштирилган. Бу тадбирлар албатта, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган ташрифлари эса бу алоқалар пойдеворини мустаҳкамлаши шубҳасиз.
[gallery-7385]
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА