Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури тасдиқланди.
2026 йил 1 январдан бошлаб республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.
2026 йилдан бошлаб:
а) таълим қардош тилларда олиб бориладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари учун ўзбек тилини ўргатиш бўйича дарсликларнинг даврийлиги асосида янги авлоди яратилади;
б) мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўргатиш бўйича педагоглар учун ўқув қўлланмалар ишлаб чиқилади;
в) мактабгача таълим ёшидаги болалар учун "Менинг илк изоҳли луғатчам" расмли луғат китоби яратилади;
г) болаларга ўзбек тилини ўргатиш бўйича замонавий анимацион видео ва аудио маҳсулотлар ишлаб чиқилиши ташкил этилади.
ЎзА