Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек тилини қўллаб-қувватлаш имконияти ва мажбурияти ҳар сонияда мавжуд
15:28 / 2022-06-29

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллион киши сўзлашиши керак.

Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир. Ўзбек тили ҳам мана шу 250 та тилнинг ичида экани, ҳозир дунёда 50 миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида гаплашаётганлиги қувонарли, албатта.

Сўнгги йилларда она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.

Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ташкилотчилигида нафақат республикамизда, балки жаҳон миқёсида ўзбек тилининг ривожланиши бўйича жадал ва самарали саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг 20-моддасига кўра, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин. Мазкур қонуннинг 21-моддасига асосан корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулот давлат тилидаги ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, йўриқномалар, этикеткалар билан таъминланади.

Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмаси тизимида бугунги кунда 158 та корхона бирлашган бўлиб, уларда 22 минг нафардан зиёд ходим фаолият юритмоқда. Республикамизда 180 турдан ортиқ қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда. Тизимда давлат тили ҳақидаги қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этиш, давлат тилида иш юритишни тўлиқ таъминлаш, мутахассислар билан ҳамкорликда қурилиш материалларининг номланишини халқимизга тушунарли ва бир хилда қўллаш бўйича аниқ вазифалар мавжуд.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир.

Бу масалада давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қатор фармон ва қарорлар, ҳукумат қарорлари қабул қилинди ҳамда 2030 йилгача аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Айниқса, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур тарихий ҳужжатга биноан 2020 – 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланганлиги ҳамда аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилганлиги билан аҳамиятлидир.

Айниқса, давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига интеграциялашувини таъминлаш соҳасида 2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун 14 та онлайн дастур ишлаб чиқиш, 2030 йилгача эса ушбу кўрсаткични 25 тага етказиш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш, хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш белгиланганлиги яна бир муҳим қадам бўлди.

Мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар тилларини ривожлантириш мақсадида кенг ва тенг имкониятлар ҳамда уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасида ўзбек ва қорақалпоқ тилларининг давлат тили сифатида муомалада бўлишига тенг шароит ва қулайликлар яратилиши белгилаб қўйилганлиги икки халқ учун ҳам кенг имкониятдир.

Кўзланган асосий мақсадлардан бири мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришилади. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбар ходимларига давлат тилини талаб даражасида билиш ва унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш мажбурияти юкланади. Барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритиш салоҳиятига эга бўлган малакали кадрлар фаолият кўрсатади.

Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар тилларини ривожлантириш учун кенг ва тенг, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг этно-маданий ва тил ўзлигини сақлаб қолиш, уларда ўзбек маданий анъана ва қадриятларига ҳурмат шаклланиши учун кенг имкониятлар яратилади.

Айни пайтда республикамизнинг давлат тили – ўзбек тилининг том маънода мамлакатимиз фуқароларини, миллатидан қатъий назар, бирлаштирувчи умумхалқ қадриятига айлантириш, унинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ҳамда халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини оширишда ҳар бир фуқаро дахлдордир.

Ҳар биримизда бошқа жабҳаларда бўлгани каби давлат тили тўғрисидаги қонун ҳамда қонуности ҳужжатларига қатъий риоя этиш орқали ўзбек тилини қўллаб-қувватлаш имконияти ва мажбурияти ҳар сонияда мавжуд.

 

Эгамназар АСТАНОВ,

Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг

Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига

риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича

раис маслаҳатчиси.

ЎзА