Самарқанд шаҳрининг Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов тадбир қатнашчиларини ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 36 йиллиги билан табриклаб, тил нафақат муомала воситаси, балки ҳар бир халқ, миллатнинг мавжудлигини намоён этувчи муҳим белгиларидан бири эканлигини таъкидлади. Президентимиз томонидан куни кеча қабул қилинган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорда белгиланган вазифалар ва уларнинг амалга оширилиши она тилимизнинг давлат тили сифатидаги мавқеи ва мақомини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Марказий Осиё халқлари тили ва маданияти институти профессори, филология фанлари доктори Шавкат Маҳаммадиев ўзбек тилининг дунё тиллари орасида тутган ўрни, она тилимизнинг луғат бойлиги ва жозибадорлиги ҳақида сўз юритди.
– 2021 йилда Самарқандга келиб иш бошлаганимданоқ ўзбек тилини ўрганишга киришганман, – деди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ректори Чидем Туркйилмаз хоним. – Буни илмий эҳтиёж учун эмас, шу ерда яшаб, университет жамоаси, талабалар ва маҳаллий аҳоли билан эркин мулоқот қилиш учун зарурат ўлароқ ўргандим. Аслида турк ва ўзбек тиллари туркий тиллар оиласига мансуб ва ўрганиш осон. Буюк ўзбек мутафаккири Алишер Навоий айтганидек, тилга эътибор – элга эътибордир. Мен ўзбек халқини ҳурмат қилганим учун ҳам бу тилни ўргандим.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, ижодкорлар, талабалар, турли миллатга мансуб ёшлар ўзбек тили ҳақида шеърлар ўқиди.
[gallery-25827]
Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги, таълим муассасалари, ижодий уюшмалар томонидан боғ марказидаги ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Шундан сўнг вилоятдаги таълим муассасалари, маданият ва санъат мактаблари ҳамда бошқа ташкилотларда ўзбек тили байрамига бағишланган илмий-маърифий учрашувлар, анжуман ва давра суҳбатлари ўтказилди. Вилоят мусиқали драма театрида концерт дастури намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари