21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним хиёбонида “Ўзбек тили – барчамизни бирлаштирган кучдир” шиори остида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Жиззах вилояти ва шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, кенг жамотчилик вакиллари, турли корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари, таълим муассасаларининг ўқитувчи ва талабалари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар юртимизда давлат тилининг мақоми, унинг ижтимоий ҳаётдаги роли ва унга бўлган эътибор хусусида атрофлича тўхталиб ўтишди.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020, 2023 йилларда БМТ Бош Ассамблеясининг 75, 78-сессияларида ҳамда халқаро даражадаги бир қатор учрашувларда ўзбек тилида нутқ сўзлагани миллий тилимиз нуфузининг жаҳон миқёсида ошишига хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.

Тадбир давомида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “Тилга эътибор – элга эътибор” деган пурмаъно сўзлари асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган тил сиёсати, унинг ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий асослари ҳақида фикрлар билдирилди.

– Давлат тили сифатида ўзбек тили нафақат расмий ҳужжатларда, балки барча жамият жабҳаларида тобора кенгроқ фаолият кўрсатмоқда. Бу тилимизга бўлган меҳр ва эҳтиром натижасидир. Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар таълим, ОАВ, дипломатия ва илм-фан соҳаларида ўзбек тилининг ўрнини янада мустаҳкамламоқда. Айниқса, ёшлар орасида тилга бўлган ифтихор кучайиб, тил маданиятига жиддий эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳолдир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова.

Тадбир якунида иштирокчилар Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳайкаллари пойига гулчамбарлар қўйиб, она тилимизни улуғлаш борасидаги эзгу анъаналарга ўзларининг ҳурмат ва эҳтиромларини кўрсатишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА