Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 36 йиллиги ҳамда 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон Миллий университетида “Она тилимизнинг истиқболи: тараққиёт, тафаккур ва технологиялар асрида” мавзусида талаба-ёшлар ўртасида оммавий диктант танлови ўтказилди.
Танловда университетнинг турли факультетларидан юзлаб талабалар фаол иштирок этдилар. Диктант матни замонавий тафаккур ва технологиялар асрида она тилимизнинг тутган ўрни ва истиқболига бағишланиб, иштирокчиларга тил бойлигимизни чуқур англаш ва уни тўғри қўллаш имконини берди.

Мазкур танлов бир нечта муҳим мақсад ва вазифаларни қамраб олди. Хусусан, талабалар орасида саводхонлик ва ёзма нутқ кўникмаларини ривожлантириш, она тилига бўлган муҳаббатни мустаҳкамлаш, шу билан бирга давлат тилининг ижтимоий ҳаётдаги нуфузини оширишга хизмат қилди.
Якуний натижаларга кўра, қуйидаги талабалар ғолибликка муносиб деб топилдилар:
1-ўрин – Журналистика ва ўзбек филологияси факультети талабаси Жаҳонгирова Моҳина Жавлон қизи;
2-ўрин – Хорижий филология факультети талабаси Саидова Муслима Хисрав қизи;
3-ўрин – Журналистика ва ўзбек филологияси факультети талабаси Файзуллаев Дониёр Сирожиддин ўғли.

Бу каби тадбирлар ёшлар онгида она тилига бўлган меҳр ва эҳтиромни мустаҳкамлайди, уларда тўғри ёзиш, тўғри сўзлаш ҳамда тилнинг жозибасини ҳис этиш кўникмаларини шакллантиради.
Дарҳақиқат, она тилини ардоқлаган юртда маънавият баланд, келажак эса ёруғ бўлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА