Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбек тили синонимларининг ўқув луғати тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу китоб мазкур университет профессори Ҳамидулла Дадабоев, доцент Манзура Aбжалова ва СамДУ доценти Умида Рашидова ҳаммуаллифлигида нашр этилган.

Ушбу луғат ўзбек тилидаги 2500 га яқин синонимик қаторларни ўз ичига олган бўлиб, унда аралаш турдаги (лексик, дериватив, жуфт, такрор бирликлар), фразеологик ва грамматик (аффиксал, морфем-лексик, синтактик) маънодош бирликларнинг изоҳи, туркуми, тўлиқ, қисман синонимлиги, синонимик қаторнинг тарихий шакллари, услубий хосланиши каби маълумотлар берилган.
Луғатда, шунингдек, синонимлар масаласида қилинган тадқиқот ишларининг библиографияси ҳам кўрсатилган.

Тақдимот тадбирида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Одинахон Жамолиддинова, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Aзимов ва бошқалар луғатнинг тузилиши, қамрови ва шу турдаги бошқа луғатлардан фарқли жиҳатлари ҳақида сўзлади.
Ушбу луғат наинки таълим тизимининг барча босқичлари учун, балки таржимонлар, тадқиқотчилар ва ўзбек тилини ўрганувчилар учун ҳам жуда қимматли лексикографик манба экани таъкидланди.
Н.Усмонова, ЎзА