Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбек тили – қалбим таржимони” республика танлови ғолиблари тақдирланди
10:10 / 2025-10-16

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Ўзбек тили – қалбим таржимони” номли республика кўрик-танловининг якуний босқичи ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танлов Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Унда мамлакатимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 200 нафардан зиёд хорижлик талаба иштирок этди.

Тадбирни олий таълим, фан ва инновациялар вазири маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султонов очиб бериб, хорижлик талабалар орасида ўзбек тилига бўлган эътибор ортиб бораётгани, бу эса мамлакатимизнинг маданий салоҳиятини тарғиб этишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. 

Шундан сўнг, финал босқичининг “Эркин мавзуда бадиий чиқиш” шарти бўйича иштирокчилар томонидан тайёрланган ўзбек тилидаги шеър ва қўшиқлар тингланди.

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Шен Хинтонг (Хитой) сазовор бўлди. Иккинчи ўринга Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси Тоя Кобаяши (Япония) муносиб топилди.

Учинчи ўрин Бухоро давлат тиббиёт университети талабаси Кан Ҳурия (Ҳиндистон) ва Урганч давлат тиббиёт институти талабаси Абдул Ҳасееб Хонга (Покистон) берилди.

Ғолиблар диплом, фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Танлов якунида хорижлик талабаларнинг ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиши ва Ватанимиз маданиятига бўлган ҳурмати янада ортгани қайд этилди.

Н.Усмонова, ЎзА