Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек тили мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир
09:50 / 2023-10-20

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.

Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин.

Ўзбек тилини ривожлантириш, давлат тили сифатидаги мақомини янада юксалтириш мақсадида юртимизда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни деб белгиланган.

Олий Мажлис Сенатида мазкур сана муносабати билан Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби билан ҳамкорликда “Она тилим – фахрим” номли адабий кеча ўтказилди.

Тадбирда ўзбек тилига оид илмий изланишлар, луғатлар яратиш, хорижий тилларнинг тилимизга ва ўзбек тилининг ўзга тилларга таъсири ҳақида сўз юритилди. Сўнгги йилларда ўзбек тили ва адабиётини тараққий эттириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Мактаб жамоаси ва ўқувчилари парламент фаолияти, хусусан, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёни билан яқиндан танишди.

Ўз навбатида, ўқувчилар томонидан мавзуга оид бадиий дастур намойиш қилинди. Она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар, ҳикматли сўзлар ва қўшиқлар ижро этилди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбир давомида мактаб драма тўгараги томонидан тайёрланган “Қасамёд” спектакли иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Ушбу спектаклда ХХ аср бошларида ўзбек тили ва адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган жадидлар образи гавдалантирилди. Ўқувчиларнинг ўз ролларини моҳирона ижро этиши томошабинларда илиқ таассурот қолдирди. Кўнгилларда жадидларга нисбатан эҳтиром туйғуси янада мустаҳкамланди.

Қизиқарли мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.

Н.Абдураимова, ЎзА