English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек тили – миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли
18:34 / 2024-10-21

Тил яратувчининг инсонга берган бебаҳо неъматларидан бири бўлиб, инсонларнинг энг муҳим  ўзаро алоқа воситасидир. Тил нафақат муомала воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишга, мулоқотларга имконият яратади. Тил миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи асосий белгиларидан бири ҳамдир. Ҳар бир халқ учун ўз тили қадрли ва азиз. Чунки, дунёда ҳар бир халқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтихори, нажоти ҳисобланиб, миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир”.       

21 октябрь  кунини ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонлаб келаётганимизга 35 йил тўлди. Бу кунни миллий тилимиз байрами сифатида ҳар  йили турли шиорлар остида расмий тарзда нишонлаймиз.   Айтишларича, бундан бир неча йиллар олдин дунёда 9000 тага яқин тил бўлган. Бугунги манбалардаги статистик маълумотларга кўра 6000 та, баъзиларида 5600 та атрофида тил борлиги қайд этилган. Булардан 200 тасигина давлат тили сифатида қабул қилинган. Уларнинг орасида ўзбек тилининг борлиги унинг нақадар соф, мукаммал, пурмаъно ва жозибадорлигининг ёрқин далилидир. Бугунги кунда ўзбек тили АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва шу каби бир қатор давлатларнинг 60 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилмоқда. 

Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг ҳозир муомалада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан. Тиллар йўқолишининг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилиши керак.

Ўтган асрда улуғ аллома Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойнаи ҳаёти тил ва адабиётидур” – дея эътироф этган. Шоядки, йўқотилган нодир неъматларимизни мустақиллик туфайли қайтариб олишга эришдик. Истеъдодли шоир Миртемир ёзганидек:

Она тилим, онажоним тили бу, 

Бешикданоқ сингган  жону қулоққа

Элу юртим, хонумоним тили бу   

Қадимликда ўхшар она тупроққа.   

Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак: 

Боболардан бизга мерос эзгу тил,

Авлодларга хазинаи бебаҳо.

Қалбимизга, руҳимизга кўзгу тил

Бу дунёга бағишламиш не даҳо…

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзбек тили мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Ўзбек тили ҳақидаги қонун қабул қилинганидан сўнг барча давлат ҳужжатлари ўзбек тилида юритила бошланди, газета ва журналлар, китобларнинг ўзбек тилида чоп этилиши йўлга қўйилди. “Давлат тили ҳақида” ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалар, мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” чоп қилинди. Ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Спорт, фан, маданият ва санъат соҳасида юрт келажаги бўлган ёш авлод ўз шижоати, ҳаракат ва ташаббуси билан ўзбек тилини бутун дунёга танитиши, унинг ривожланишига катта ҳисса қўшиши лозим.

Миллий ғурури юксак бўлган ҳар бир инсон она тилини асраб-авайлайди, унинг нуфузи ва обрўсини оширишга ҳаракат қилади. Миллий ғурури суст ёки сўнган миллатнинг келажаги ҳам бўлмайди. Модомики, шундай экан, бизни бугунги ёруғ кунларгача етказган, анъаналаримиз, қадриятларимиз, урф-одатларимиз, ўтмишимизни, аждодларимиз меросларини асрлар силсиласидан олиб ўтган Она тилимизни асраш ва қадрлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.

Иқбол Болтаева, 

Ўзбекистон давлат жисмоний 

тарбия ва спорт университети, ўзбек ва чет тиллари кафедраси доценти, ф.ф.н