Сирдарё вилоятида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 36 йиллиги кенг нишонланмоқда. Байрам тантаналари Алишер Навоий номидаги “Билимдонлар маскани”дан бошланди.
Тантанали маросимда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, қатор ташкилот ва муассасалар, таълим тизими вакиллари, ижод аҳли ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Улуғ аллома, ўзбек тили ва адабиётининг асосчиси Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, она тилимизга бўлган ҳурмат ва ардоқ рамзий тарзда ифода этилди.

Тадбир Гулистон давлат университетида “Жон ичра жонсан, тилим” мавзусидаги маънавий-маърифий дастур билан давом этди. Уни Сирдарё вилоят ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов очиб, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Университет ректори, профессор М. Ҳожиев барча иштирокчиларни самимий муборакбод этар экан, давлат тилининг миллат маънавияти ва бирдамлигини мустаҳкамлашдаги ўрни, тил маданиятини юксалтириш ҳамда ёш авлодни она тилимизга муҳаббат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Давлат тили — халқнинг руҳи, тарихий хотираси ва келажак пойдеворидир. Она тилимизнинг нуфузини ошириш, уни ҳаётнинг барча соҳаларида тўлиқ татбиқ этиш ҳар биримиз учун шарафли бурчдир, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, профессор Равшанбек Маҳмудов.
Байрам тадбирлари талабалар томонидан театрлаштирилган концерт дастури билан давом этди. Ёш ижодкорлар ва театр жамоаси ижросидаги саҳна кўринишлари, қўшиқ ва шеърлар томошабинларга юксак руҳ ва илиқ кайфият улашди.

Шунингдек, тадбирда Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби ўқувчилари Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиева шеърларидан парчаларни юракдан, берилиб ўқишди. Янграган гўзал, мазмундор қўшиқлар эса театр хонандалари томонидан жонли тарзда ижро этилди.

– Давлат тили — миллатнинг бош белгиси, унинг мустақиллигини ифода этувчи маънавий устундир, – деди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Норинисо Қосимова. – Бугун ўзбек тили нафақат мамлакатимизда, балки халқаро минбарларда ҳам жарангламоқда. Бу аввало тил сиёсатига берилаётган эътибор ва халқимизнинг ўз она тилига бўлган садоқати самарасидир. Тилнинг қудратини англаш — миллатнинг қудратини англаш демакдир. “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганига 36 йил бўлган бу даврда ўзбек тили ҳаётнинг барча соҳаларида фаол қўлланилаётгани, электрон платформалар, илмий ва маданий майдонда муносиб ўрин эгаллаётгани ҳар бир фуқаро учун фахр манбаидир.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири