French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек тили миллатимизнинг, ўзлигимизнинг тимсоли
16:46 / 2024-10-21

Андижон шаҳрида Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 35 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда меҳнат жамоалари, олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, кенг жамоатчилик вакиллари, олимлар, ижодкорлар, ёшлар иштирок этди. 

Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов ва бошқалар она тилимизнинг жамият ривожи ва халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва роли, она тилимизга давлат тили мақомини берган тарихий қонуннинг аҳамияти хусусида сўз юритди. Кейинги йилларда ўзбек тилининг ўзига хос жиҳатлари, гўзал жозиба ва жилоларини асраб-авайлаш, мазмунан бойитиш, халқаро майдондаги нуфузини кўтариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

[gallery-19905]

– Ўзбек тили миллатимизнинг, ўзлигимизнинг тимсолидир, – дейди Андижон давлат университети профессори Абдулҳай Собиров. – Ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшларимиз мана шу ҳақиқатни англай билсин. Она тилимизни ҳурмат қилсин, уни асраб-авайлаб, мазмунан бойитишга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. 

Тадбирда ижодкор ёшлар томонидан она тилимизни мадҳ этувчи шеър, куй ва қўшиқлар ижро этилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг Навоий ва Бобур ғазалларини ўзбек тилида ёддан айтиши, қўшиқ қилиб куйлаши тадбирга ўзгача файз киритди. 

– Она тилимиз бизнинг бойлигимиз, фахримиз, миллатимизнинг руҳи, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи. – Шу боис, ҳар биримиз уни асраб-авайламоғимиз, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоғимиз керак. Тилимизни унутсак, ўзлигимизни йўқотган бўламиз. Севимли шоиримиз, марҳум Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисралари ҳамиша ёдимизда бўлсин:

Она тилим, сен борсан, шаксиз,

Булбул куйин шеърга соламан.

Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.

Вилоятдаги меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида тил байрамига бағишланган бу каби тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.