Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Миллий ғурур ва юрт маънавиятини улуғлайдиган ушбу тадбирда маърузачилар ўзбек тилининг бой тарихи, унинг давлат тили сифатидаги нуфузи, Навоийдан тортиб Фитратгача бўлган маънавий меросимиз ҳақида атрофлича тўхталди. Шунингдек, давлат тили тўғрисидаги қонунчилик, фармон ва қарорлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Анжуман доирасида таниқли мутафаккирлар — Алишер Навоий, Махтумқули, Абдурауф Фитрат каби алломаларнинг асарлари, тил тарихи ҳақидаги кўргазма, адабий қаҳрамонлар образлари акс этган расмлар ва қўлёзмалар кўргазмаси намойиш этилиб, бадиий китоблар ярмаркаси ташкил қилинди.

Тадбирнинг бадиий қисмида "Темурбеклар мактаби" ўқувчилари Алишер Навоий ва Бобурнинг фахр уйғотувчи шеърларини мароқ билан ижро этдилар.

Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчилари томонидан тайёрланган чиқишлар, ватанпарварлик ва тилимизга муҳаббатни тарғиб этувчи саҳна кўринишлари эса юракларга йўл топди. Шунингдек, Миллий гвардия ашула ва рақс ансамбли хонандалари ижросидаги қўшиқлар тадбирни байрамона руҳ билан безади.

Ушбу маърифий байрам нафақат тил, балки миллат, тарих ва келажак борасидаги умуммиллий ғояларни яна бир бор улуғлаб, ёшлар онгида ўзликни англаш туйғусини мустаҳкамлади.
Тадбир якунида меҳмонлар Миллий гвардияга бебаҳо маънавий хазина — юртимиз адабиёти ва маънавий ҳаётига доир қимматли китоблар тўпламини совға сифатида тақдим этишди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА