Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек тили – миллат ғурури ва ифтихори
14:29 / 2022-07-26

Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўллаш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг Давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингани, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш Департаменти тузилгани, 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиниши, 2020 йил февраль ойидан бошлаб, туманларда ҳокимнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига риоя этишни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ташкил этилгани бу соҳадаги эътиборни кўрсатади.

Ҳудудларда атоқли аллома ва адибларимиз номлари билан аталган ижод мактабларининг барпо этилиши эса бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айни пайтда дунёда 7 мингдан ортиқ миллат яшаса ёки 250 дан ортиқ давлат мавжуд бўлса, фақатгина 170 та тилга давлат тили мақоми берилган. Бизнинг она тилимиз ҳам ана шундай улуғ мақомга эга эканлигидан фахрланамиз.

Олтой тиллар туркуми туркий тиллар оиласининг энг қадимий ва энг катта бўлаги ўзбек тилининг асрдан асрга сайқалланиб, оҳанги гўзаллашса-да, ўзаги ўзгармай келишида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломаларимизнинг ўз замонасида чеккан заҳматлари, бу йўлда қилган меҳнатлари алоҳида таҳсинга сазовор.

Бироқ кейинги пайтларда чет тилларидан кириб келиб, тилимизга ўрнашиб қолаётган, тил ўзгаришига хавф солаётган сўзлар ҳам учраяпти. Айниқса, қатор савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўконларидаги реклама ва эълонларнинг ёзилишида айрим тадбиркорлар Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”, “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларини қўпол равишда бузилишига йўл қўймоқда. Масалан, бир қатор маиший хизмат кўрсатувчи шохобчаларнинг пештоқида “Салон WЕLLА”, “МАНГО”, “ОПЕН”, “Мойка БЕСТ ишлаяпти”, “Тринажёрный зал”,  “Арома Парфум” каби тушунарсиз бўлган жумлалар учрайди.

Бухоро шаҳрида жуда кўплаб меҳмонхоналар мавжуд, уларнинг номлари ҳам хорижий тилда “Hotel”, автомобиль ювиш шохобчаларида “Автомойка”, “Мой сам”, айрим овқатланиш шохобчаларида “Бургер”, “Фаст-Фуд”, “My Market”, “Mini Market”, “Оптом маркет” каби реклама  ёзувлари тилимизнинг нуфузига салбий таъсир кўрсатади. Шу йил  7 июнда қабул қилинган ҳамда 7 сентябрдан кучга кирадиган Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасида рекламанинг тили аниқ белгилаб берилган. Унга мувофиқ реклама тилига қўйилган талабларни айнан келтириб ўтамиз.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади.

Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган  ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин, реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак. Ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак. Рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак, деб таъкидланган.

Бошқа чет тилларини камситмаган, уларни ўрганиш замон талаби эканлигини инкор этмаган ҳолда айтмоқчимизки, она тилимиз қудратини дунёга ёядиган, танитадиган вақт келди. Биз шундай бўлайликки, чет элликлар ҳам ўзбек тилини ўргансин, эҳтиёж сезсин.

Ҳар  биримиз ўзбек тилининг софлигини таъминлаб, унинг нуфузи ва мавқейини юксалтиришни миллий ғуруримиз, шаънимиз, ватанпарварлик бурчимиз, деб билмоғимиз керак.

Раъно Раҳимова,
Бухоро вилояти Жондор туман ҳокимининг маънавий-маърифий  ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси. 

ЎзА