Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек тили камбағал эмас...
11:00 / 2022-10-13

Тилга эътибор халқнинг турмуш тарзи, миллий ғурури ва тафаккури ривожининг ўзига хос инъикосидир. Негаки айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.

Хўш, тилимизнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, унинг софлигини таъминлаш борасида ҳудудларда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Сўнгги йилларда соҳа ривожи йўлида қабул қилинган ҳужжатлар қай даражада ўз ижросини топмоқда?

Шу каби саволларга жавоб олиш учун Бухоро вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов билан суҳбатлашдик. 

– Кўча ёзувлари, номлавҳа ва пешлавҳалар, йўл кўрсаткичлари ҳар бир давлатнинг ҳудудий мансублигини билдирувчи воситалардан бири ҳисобланади. Аммо баъзида кўчалар, бино ва иншоотлар, савдо объектлари пешлавҳаларида давлат тили талабларига зид тарзда битилаётган ёзувларни ҳам учратамиз.

– Фикрингизни тушундим. Айрим эмас, ҳаттоки ўн ойча илгари ҳам вилоятдаги аксарият ташқи ёзувларнинг ажнабий тилларда ёзилганлигига гувоҳ бўлардик. Бунга ўша пайтгача соҳага оид қонунчиликдаги номувофиқликлар борлиги асосий сабаб бўлаётган эди. Негаки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин” деб кўрсатилгани ҳолда ўша пайтда кучда бўлган “Реклама тўғрисида”ги қонунда реклама тилини реклама берувчининг ўзи белгилаши қайд этилган эди. Табиийки аксарият тадбиркорлар ташқи ёзувларни тартибга келтириш борасидаги тушунтиришларимизда нисбатан кейинроқ қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонунни рўкач қиларди. Улар ҳуқуқий жиҳатдан ҳақ эди.

Жорий йилнинг июнь ойида “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди ҳамда унинг реклама тилига оид 6-моддасида реклама матни давлат тилида берилиши мажбурийлиги, тадбиркорнинг хоҳишига қараб унинг бошқа тиллардаги таржимаси давлат тилидаги ёзувга нисбатан кичикроқ ўлчамда берилиши белгиланди. 

Албатта етарлича ҳуқуқий жиҳатдан асосларга эга бўлганимиздан сўнг Монополияга қарши курашиш вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда тадбиркорлар ўртасида реклама ва бошқа ташқи ёзувларни давлат тили талабларига мослаштириш борасида ҳар бир маҳалла кесимида тарғибот ишларини олиб бордик. 

Шунингдек, ташқи реклама воситаларини чоп этувчи ва тайёрловчи ҳар бир тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, телеграм тармоғида алоҳида услубий кўмаклашув гуруҳи ташкил этилди. Бунда тадбиркорлар буюртма сифатида келиб тушган ҳар бир реклама ёки ахборот матнини гуруҳга узатиб, тегишли тилшунос мутахассислардан ижобий лингвистик хулоса олганларидан сўнггина чоп этиш амалиёти жорий этилди.

Ҳар қандай қоғозбозлик ёки назорат тизимидан холи бўлган бу тизим вилоят ташқи ёзувларини тартибга келтириш билан бирга, тадбиркорларни тушунмовчилик ортидан келиб чиқадиган қонун бузилиш туфайли қўлланиладиган эҳтимолий жарималардан ҳам қутқариб қолмоқда.

Олиб борилган ишлар натижасида вилоят ҳудудидаги барча 6х3 ўлчамдаги ташқи реклама конструкциялари, ЛЕД экранлардаги ёзувлар “Давлат тили ҳақида” ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунлар талабларига тўла мослаштирилди. Айниқса, бу борада Жондор, Шофиркон, Қоракўл, Қоровулбозор туманларида барча ташқи битикларнинг ўзбек тилида ёзилиши ташкил этилди.

Умуман ўтган даврда аниқланган хорижий тилда ва хатоликлар билан ёзилган 798 та пешлавҳа ва реклама ёзувларининг 635 таси тартибга келтирилди. Албатта бу борада юқорида таъкидлаганингиздек, барча ишлар ҳам якунига етказилган эмас. Айрим тадбиркорлар дўконлари пештоқида номлар, кўрсатилган хизмат турларини бошқа тилларда ёзиш ҳолатлари учрамоқда. Бунинг асосий сабаби эса тилимизнинг бой луғат захирасидан узилиб қолган айрим шахслар ўзга тилларда танлаган номлар ва хизмат кўрсатиш турларининг ўзбекча муқобилига кўника олмаяпти.

Масалан, Бухоро вилояти ҳудудида энг кўп тарқалган “Мой сам” хизмат тури бор. Биз ушбу жумлани “Ўзингиз ювинг” шаклида қўллаш борасида тавсиялар бердик. Ёки “обмотка”ни “чулғам”, ижарага бериладиган қурилиш ашёлари: “карета”ни “бадия”, “леса”ни “ҳавоза”, “апалубка”ни “бетонқолип” атамалари орқали қўллаш мумкин.

Афсуски, аҳоли орасида чет тилидаги сўзлар оммабоп, барча учун тушунарли, деган қараш шаклланган. Хусусан,  тадбиркорлар чет тилини билмагани ҳолда дўконининг пештоқига “Хозяюшка”, “Ханумка”, “ТоварИш”, “Мир ковёры” каби сўзларни битиб қўйган. Ҳолбуки уларнинг ўрнида соф адабий тилдаги номларни қўйса бўлади. Шу ўринда яна бир мутойибали ҳолат кузатилади. Юқорида мен тасодифан мисол учун келтирган русча сўзларнинг ўзаги соф туркий сўзлар. “Богатир” – ўзимизнинг “баҳодир, ботир”, “хозяин” – “хўжайин”,  “ханумка” – “хоним”, “товариш” – “даврадош”, “ковёр” – “кигиз, кивиз” сўзларининг рус тилидаги ўзлашган шаклидир.

 Шу ўринда Абдулла Қодирийнинг бир сўзи ёдга тушади: “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.

Яна бир ҳақиқатни айтиш жоизки, амалдаги “Давлат тили ҳақида”ги қонунда тил меъёрларини бузганлик учун қатъий чоралар белгиланмаган. Балки шунинг учун айрим фуқаролар тилимиз қоидаларига беписанд қараётгандир. 

Дарвоқе, бизнинг ташқи тарғибот воситаларида она тилимизга оид сўзларни татбиқ этиш борасидаги ишларимизни бошқа тилларга қарши кураш мазмунида қабул қилмаслик керак. Биз, бу ишларимиз орқали ҳеч кимнинг реклама тили борасидаги ҳуқуқини чекламоқчи эмасмиз. Тадбиркорлар ёки бошқа хўжалик субъектлари ўз матнларини истаган тилларида ёзишлари мумкин. Фақат бир шарти бор: давлат тилидаги матн реклама майдонининг 60 фоизидан кам бўлмаган қисмини эгаллаши шарт.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Ушбу ҳужжатнинг ижроси борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Аввало таъкидлаш жоизки Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, сиз юқорида айтган ҳукумат қарори соҳа ривожида инқилобий ислоҳот бўлди. Айниқса, давлат идоралари тузилмасида давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси билан шуғулланувчи алоҳида штатнинг жорий этилиши давлат тили амалиётида янги эпкинни бошлаб берди. 

Ушбу тузилма жорий этилганидан сўнг эришилган энг катта ютуқ, шубҳасиз давлат идораларида иш юритиш тўлиқ давлат тилида олиб борилишидир. Илгари тажрибада кўп бора гувоҳ бўлганмиз, юртимизда давлат тили ўзбек тили бўлсада, баъзи ҳужжатлар рус тилида ҳам юритилар, энг ачинарлиси бу табиий ҳол сифатида қабул қилинар эди. Яна бир жиҳат, ўзбек тилида тайёрланган ҳужжатларда ҳам имловий, услубий хатолар яққол кўзга ташланар эди. 

Бугун ишонч билан айта оламизки, вилоят, барча шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вилоят бошқармаларида барча иш юритиш ҳужжатлари тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда. Маслаҳатчилар томонидан тегишли ҳудуд ҳокимлари имзолаётган қарор ва фармойишлар, баённомалар ва бошқа хат-ҳужжатларни лингвистик экспертизадан ўтказиш амалиёти жорий этилиши билан имло ва услубий хатоликлар кескин камайди. Ҳатто тўлиқ бартараф этилди.

Эндиликда 2023 йилдан бошлаб давлат идораларида қабул қилинган норматив тусдаги ҳужжатларнинг лингвистик экспертизадан ўтказиш амалиёти мажбурий этиб белгиланганлиги эса бу борадаги мавжуд камчиликларнинг тўла ечим топишини кафолатлайди. Давлат тили бўйича саводхонлик фақатгина ушбу соҳа бўйича маслаҳатчиларнинг вазифаси бўлмаслиги керак. Афсуски кундалик амалиётда айрим бошқармалар, ҳатто таълим йўналишидаги ташкилотлар томонидан тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларида ҳам имловий, услубий хатоликларга йўл қўйилаётганлигини кузатамиз. Бу 11 йиллик мактаб таълимида узлуксиз она тили дарсларини ўтган, олий маълумотли ходимлар учун уятли ҳол.  Қолаверса, ҳатто масъул лавозимдаги шахсларнинг ҳам ўз исм-шарифини атай Кадиров, Ибрагимов, Джумаев, Хатамов, Галубов тарзида давлат тили қоидаларига зид равишда қўллашаётганини кузатамиз.

Ўша инсонлар насаб (фамилия)ларига асос бўлган боболарини шундай чақиришганмикин, ҳеч қачон?! Масалан, Қодирни Кадир, Иброҳимни Ибрагим, Қобилни Кабул, Ғолибни Галиб деб чақиришмаганку. Унда нега уларнинг зурриётлари ўз боболари номини нотўғри ёзилишига йўл қўяди.

Шу савол берилганда кўпчиликнинг жавоби тайин: Паспорт (ундан олдин гувоҳнома)да шундай  ёзилган эмиш. Нега туғилган пайтда танамизда озгина нуқсон аниқланса, ҳа энди худо берганида демай, дарров жарроҳлик йўли билан тузатамиз, қайсидир саводсиз ёзган нотўғри фамилиямизни умр бўйи тамға сифатида олиб юрамиз? Ҳолбуки танадаги нуқсонни бартараф этишдан кўра паспортда фамилиямизни тил қоидаларига мослаб ўзгартириш арзон тушади.

Фикримизча, эндиликда давлат хизматига ишга кириш учун ариза топширган ҳар бир талабгорни Давлат хизматлари агентлиги тизимида тестдан ўтказиш жараёнида давлат тили бўйича саводхонлигини аниқловчи имтиҳонлардан ўтказиш ёки давлат тили қоидаларини тўлиқ ўзлаштирганлиги ҳақидаги сертификат (бундай сертификатни бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 февралдаги “Раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида белгиланган) талаб қилиш жоиз.

– Муайян ҳудуд тил этимологияси кўзгуси унинг топонимларидир. Географик объектларга ном бериш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Географик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи вилоят комиссияси ишчи органи сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонуни талабига жавоб бермайдиган жами 47 та номлар тегишли тартибда қайта номланди 

Давлат рўйхатидан ўтказилган географик объектларнинг номларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш мақсадида вилоятдаги 6333 та кўчаларнинг 5283 тасига пешлавҳалар ўрнатилди. Вилоятдаги 13 та шаҳар ва туманнинг чегарасида Давлат тили ҳақидаги қонун талаблари асосида лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосида пешлавҳалар (стелла, арка, дарвоза кўринишида), бир маҳалладан иккинчи маҳаллага ўтиш чегараларида ҳам 487 та пешлавҳа ўрнатилди. 

Август-сентябрь ойлари мобайнида жисмоний ва юридик  шахслар томонидан географик объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш бўйича 18 та мурожаатлар келиб тушган. Улар тегишли туман ва шаҳар комиссияларида ўрганилди ва қонунчиликка мувофиқ тегишли жавоблар қайтарилди.

Бугун биз учинчи Ренессансни барпо этиш остонасида турган эканмиз, давлатимизнинг иқтисодий қудрати ошиб боргани сари тилимиз мавқеи ҳам шу қадар аҳамият касб этиб бораверади. Ўз навбатида бугун она тилимизни компьютер лингвистикасига мақбуллаштириш борасидаги илмий ҳаракатлар ҳам унинг давомийлигини таъминлаш йўлидаги дадил қадамдир. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг сўнгги йилларда тил мавқеини ошириш, давлат тили устуворлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлари ҳам мазкур фикрларни дадил айта олишга имкон беради. 

 

ЎзА мухбири 

Зариф Комилов суҳбатлашди