Инсонларнинг турмуш тарзи ўзгариб боргани сари дунёқараш, ҳатто анъана ва қадриятларга муносабат ҳам давр ўтиши билан замонга мослашиб бормоқда, аммо кишиларнинг ўзаро алоқа, ахборот алмашиниш воситаси бўлган тил ҳали ҳам фойдаланувчилар учун қулай шаклда эмас.
Дунё миқёсида 50 миллиондан ортиқ аҳоли суҳбатлашадиган ўзбек тили ҳамон электрон ҳолатга тўлиқ ўтмагани учун мамлакатда бугун иш юритишда мутахассислар, кўп сонли фойдаланувчилар бир қатор қийинчиликларга дуч келмоқда.
Хусусан, ўзбек тилининг давлат тили сифатида амалда фаол қўлланиши учун иш юритиш бўйича зарур қўлланмалар, лисоний, қомусий, соҳавий, электрон луғатлар, мобил иловалар, компьютер дастурлари ниҳоятда зарур. Тил билан боғлиқ барча электрон дастурларнинг яратилиши, сифатли ишлаши Миллий тил корпусига боғлиқ. Жорий йилда юртимиз олимлари – дастурчилар ва тилшунос олимлар бирлашиб «Ўзбек тилининг миллий корпуси»ни яратиш ишларини бошлади.
Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети мазкур ишларни мувофиқлаштириб боради. Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси миллий тил корпусини яратишга доир лойиҳаларни тизимли эълон қилади ва молиялаштирди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганига бир йил тўлаётган бўлишига қарамай 20 дан ортиқ лингвистик ва соҳавий луғатлар,иш юритишга доир қўлланмаларни нашр эттириб, вазирлик ва ташкилотлар тизимларига бепул етказиб берди.
Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш» бўйича 6084-сонли фармони мазмунида ва дастурида белгиланган муҳим вазифаларни амалда бажариб келмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти топшириғига асосан, жамғарма Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, шунингдек Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети олимлари билан ҳамкорликда «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» 5-жилдлик китоби, «Давлат тилида иш юритиш», «Халқаро термин-элементларнинг изоҳли-иллюстратив луғати», умумтаълим мактаблари учун «Сўз сандиқчаси» номли изоҳли луғат, «Адиблар хиёбони»да ҳайкаллари қад ростлаган адиблар фаолиятига доир «Сўз хиёбони» китоби, «Ҳарбий атамаларнинг янги изоҳли луғати», «Ўзбек тилининг ижтимоий-сиёсий терминлар луғати», «Ўзбек тили банк-молия терминларининг изоҳли луғати», «Ўзбек тили меъёрлари (пунктуация)” китоби, «Юридик терминларининг русча-ўзбекча луғати» каби бир қатор китоблар чоп этилди.
Шунингдек, хорижликлар ва юртдошларимиз учун ўзбек тилини ўргатувчи онлайн платформа – «узбек-тили.уз дастури, ўзбек тили изоҳли луғатининг тўлдирилган, тузатилган босма нашри мазмуни асосида уяли телефонлар учун Андроид ва ИОС платформаларда ишлай оладиган «Изоҳли луғат» дастурлари ишлаб чиқилди.
Ўзбек тили замон талабларига жавоб берадиган алоқа, мулоқот ва фаолият воситасига айланиши учун у электронлашиши, рақамли иқтисодиёт даврида барча учун қулай бўлиши лозим. Бу борада Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси “Ўзбек тилининг миллий корпусини лойиҳалаш ва дастурий мажмуа ишлаб чиқиш”,“Ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитишнинг методик таъминоти бўйича электрон платформа яратиш”, “Янги авлод ўқув луғатлари ва уларнинг мобил иловаларини яратиш” ҳамда ““jadid.uz” электрон платформасини яратиш» каби лойиҳалар эълон қилиб, уларни молиялаштирди.
Жорий йилда жамғарма «Ўзбек тилини ривожлантириш бўйича энг яхши материал» (телевидение, ижтимоий тармоқ, журналистика ва босма нашр) номинациялари бўйича «Олтин қалам» Миллий мукофоти ғолибларини рағбатлантиришда ҳамкор сифатида қимматбаҳо совғалар билан иштирок этди.
Жамғарманинг истиқболдаги асосий вазифалари ўзбек тилини ривожлантириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек тилини ривожлантириш лойиҳаларига грантлар ажратиш, китоблар, қўлланмалар, луғатлар ва бошқа китоб маҳсулотлари чиқаришни молиявий қўллаб-қувватлаш, ўзбек тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, ўзбек тилининг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида давлат тилидаги материалларни хорижда истиқомат қилувчи ватандошларга ва хорижий мамлакатлардаги ўзбек тилини ўргатиш марказларига етказишга кўмаклашиш ҳамда ўзбек тилини ривожлантиришга оид медиа маҳсулотлар, компьютер дастурлари, мобил иловалар ва бошқа электрон материалларни тайёрлаш ишларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Жумладан, АҚШнинг Огаё давлат университетидаги ўзбек тили курслари учун қўлланмалар, луғатлар ва бошқа китоб маҳсулотларига жамғарма томонидан тегишли маблағлар ажратилди. Зарур ўқув қўлланмалар етказиб берилди.
Жамғарма жорий йилда яна бир қатор соҳавий луғатларни нашр эттириш, ўзбек тилини интернет тилига айлантириш учун Миллий тил корпусини ишлаб чиқиш ва тез фурсатларда ишга туширишни режалаштирган. Ўзбек тилини ривожлантиришга доир илмий тадқиқотларни ҳам молиявий қўллаб-қувватлайди. Фурсатдан фойдаланиб, айтиш мумкинки, қизиқувчиларнинг ўзбек тилини ўрганиш ёки, иш юритиш бўйича янги электрон дастурлар ва мобил иловалар яратиш бўйича фойдали лойиҳаларни ҳам молиялаштиради. Барчани ҳамкорликка чорлайди, зеро, ўзбек тилини ривожлантиришга барчамиз масъулмиз!
Ғофир Ҳамроев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси бош мутахассиси