French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек тили байрами кенг нишонланмоқда
11:59 / 2024-10-21

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги ва 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишлаб Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним хиёбонида “Ўзбек тили – халқимизни бирлаштирган кучдир” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида  вилоят, шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, мутасадди ташкилотлар раҳбар ва масъуллари, умумтаълим, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ўқувчи ва талаба-ёшлари, ҳарбийлар ҳамда кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг  2019 йил 21 октябрдаги  “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Жиззах вилоятида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.  

Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси билан миллат барҳаётлигининг, давлат суверенитетининг гарови бўлган ўзбек тилини ривожлантириш, унинг имкониятлари ва жозибадорлигини халқаро миқёсда ҳам тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жиззах шаҳридаги Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги тантаналари ўзбек шеъриятида муҳим ўрин тутган шоирлар Ҳамид Олимжон ҳамда Зулфияхоним ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.  

Тадбирда сўзга чиққанлар давлат тилига эътибор кўрсатишда Президентимиз алоҳида ўрнак кўрсатганлигини айтиб, жумладан, у киши  2020 йил БМТ Бош Ассамблеясининг онлайн тарзда ўтказилган 75-сессиясида ва 2023 йил бўлиб ўтган 78-сессиясида ҳамда қатор халқаро даражадаги учрашувларда ўзбек тилида нутқ сўзлагани она тилимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилганлигини, туркий (бугунги ўзбек) тил асосчиси бўлган улуғ мутафаккир бобокалонимиз  Алишер Навоий ҳазратларининг “Тилга эътибор – элга эътибор”, деган доно ўгитларига амал қилинган ҳолда юртимизда тил масаласида олиб борилаётган давлат сиёсати ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

– 1989 йилнинг 21 октябрь куни, собиқ иттифоқ ўзининг сўнгги йилларини яшаётган даврдаёқ, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани  Ўзбекистон мустақиллик сари илк ва энг муҳим қадамни ташлаганини билдиради, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова. – Ўз миллий тилида гапира олмайдиган, ёза олмайдиган миллатни, давлатни мустақил деб аташлик бу маддоҳликдан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. Худога шукр, бугун эркимиз ўз қўлимизда, ўз она тилимиз давлат тили ва давлатимиз етакчиси ҳам энг олий минбарларда туриб бутун жаҳонга она тилимизда нутқ ирод этаяпти.  

Ўзбек тилига давлат мақоми берилган кунга бугун 35 йил тўлди. Бу бутун миллатнинг, шу Ватанда яшаётган барча халқларнинг ҳам байрамидир. Ўзбекистонимизда яшаётган, ўзбек тилида сўзлашаётган, сўзлаша оладиган ўзбекман, ўзбекистонликман дея фахр билан яшаётган ҳар бир шахс, ҳар бир миллат ўзбек тилини қадрламоғи, ҳурмат қилмоғи ва бу кунни улуғ байрам сифатида нишонламоғи лозимдир.  

Тадбирнинг расмий қисми якунига етгач, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ижод мактаби ўқувчилари ҳамда жиззахлик ижрочи ёшлар томонидан ижро этилган ўзбек шеърияти устунлари  –Алишер Навоий, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф ва бошқа етук шоирларимиз қаламига мансуб Ўзбекистон, ўзбек тили, она Ватан, ўзбек шаъни ва қадри ҳақидаги шеър ва қўшиқлар иштирокчиларга байрамона кайфият бағишлади.

Ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, ўзбек адабиёти дурдоналаридан ташкил топган китоблар кўргазмаси тадбир иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан томоша қилинди.  

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),

ЎзА мухбирлари