Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек театр санъатида бепул спектакллар кўлами
15:32 / 2025-08-14

Театр санъати миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб, у жамиятнинг анъанавий ривожланишида муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонда театрларнинг фаолияти, айниқса, бепул спектакллар орқали кенг қатламларга етиб бориши бу соҳанинг ривожланаётганидан дарак беради. Миллий статистика қўмитаси томонидан тақдим этилган 2024 йил ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатдаги театрлар жами 10 824 спектакл намойиш этган бўлиб, улардан 3 445 таси бепул ўтказилган. Бу рақамлар театрнинг жамият учун қанчалик очиқ эканини кўрсатади.

Бепул спектакллар санъатни барча қатламларга, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларга, ёшлар ва кам таъминланган оилаларга етказишда муҳим рол ўйнайди. 3 445 та бепул спектакль мамлакатда театрнинг оммавийлигини оширишга ва маданий онгни юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳудудлар кесимида бепул спектакллар тақсимотига келадиган бўлсак: Тошкент шаҳри – 1 035 та, Фарғона вилояти – 441 та, Самарқанд вилояти – 347 та, Хоразм вилояти – 311 та, Андижон вилояти – 271 та, Сурхондарё вилояти – 261 та, Қорақалпоғистон Республикаси – 240 та, Наманган вилояти – 134 та, Қашқадарё вилояти – 124 та, Бухоро вилояти – 107 та, Жиззах вилояти – 68 та, Навоий вилояти – 58 та, Сирдарё вилояти – 48 тани ташкил этади.

Тошкент шаҳри бепул спектакллар сони бўйича етакчилик қилади. Бу ерда театрларга юқори даражада эътибор берилиши, аҳоли зичлиги ва маданий инфратузилманинг ривожланганлиги билан изоҳлаш мумкин. Пойтахтдаги театрларнинг фаолияти ва маданиятга берилаётган эътибор бутун мамлакат учун намунадир.

Фарғона, Самарқанд ва Хоразм каби вилоятлар бепул спектакллар сони бўйича ўрта поғонада турибди. Бу ҳудудларда театрларга қизиқиш сақланиб қолаётганини ва маданий ҳаёт давом этаётганини кўрсатади. Айни пайтда Сирдарё, Навоий ва Жиззах каби вилоятларда бепул спектакллар сони нисбатан кам, бу эса театрларга қатор ҳудудларда кўпроқ эътибор бериш зарурлигини билдиради.

Бепул спектаклларнинг кўплиги давлат ва маҳаллий ҳокимиятларнинг маданиятни оммалаштиришга ва ҳар бир фуқаронинг маданий қадриятларга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат беради. Бу эса ижтимоий барқарорлик ва миллий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА