Сўнгги йилларда Ўзбекистон спортида кузатилаётган улкан ютуқлар фақатгина спортчиларнинг маҳорат ёки жисмоний тайёргарлиги билан эмас, балки тузилмавий ислоҳотлар, илмий асосланган ёндашувлар ва самарали бошқарув натижасида юзага келмоқда. Мазкур жараёнда спорт мутахассислари, ташкилотчилар ва менежерларнинг роли катта.
Ана шундай спорт мутахассисларидан бири — Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов.
У 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини юрист маслаҳатчиси сифатида бошлаган.

Мутахассиснинг спорт соҳасига кириб келиши эса 2006 йилдан “Пахтакор” футбол клубида Бош директорнинг биринчи ўринбосари, кейинчалик Бош директор сифатидаги фаолияти билан боғлиқ. Ушбу тажриба унинг спорт менежментидаги салоҳиятини тўлиқ намоён этди. 2010–2012 йилларда Тошкент шаҳар футбол федерацияси биринчи вице-президенти лавозимида ишлаган.
2013–2018 йилларда Миллий олимпия қўмитасининг ўша йиллардаги раиси Мираброр Усмонов (2013-2017) таклифи билан қўмита Бош котиби лавозимига тайинланган. Ойбек Қосимов 2018–2020 йилларда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритди. 2020 йилдан эса МОҚ Бош котиби сифатида ишлаб келмоқда.

Ойбек Қосимов раҳбарлик қилган йилларда спорт соҳасида қатор туб ислоҳотлар амалга оширилди. Федерациялар ва ассоциациялар фаолиятини янги йўналишда йўлга қўйиш, терма жамоалар захирасини шакллантириш, ҳудудларда иқтидорли ёшларни излаб топиш, селекция ишларини такомиллаштириш, мураббийлар тайёрлаш ва аёллар спортига катта эътибор қаратиш жараёнлари тизимли равишда йўлга қўйилди.
Бунинг самараси узоқ куттирмади. Жумладан, спортчиларимиз 2014 йили Инчеон шаҳрида ўтган Осиё ўйинларида 9 олтин, 14 кумуш ва 22 бронза медали, 2018 йили Жакарта ва Палембангда 21 олтин, 24 кумуш ва 25 бронза, “Ханчжоу–2022” Осиё ўйинларида эса 22 олтин, 18 кумуш ва 31 бронза медалига сазовор бўлди.
Олимпия ўйинларида эришилган натижалар эса ўзбек спорти тарихида янги саҳифани очди. Хусусан, “Рио-2016” Олимпиадасида 4 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза, “Токио-2020”да 3 олтин ва 2 бронза, 2024 йилда Париж Олимпиадасида эса 8 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритиш орқали Ўзбекистон дунё спортида муносиб ўринни эгаллади. Шунингдек, мазкур Олимпия ўйинларида мамлакатимиз футболи тарихида илк маротаба Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси иштирок этди.

Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиб, халқимизнинг 33 йиллик орзуси амалга ошди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда йирик халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш, миллий терма жамоаларнинг мунтазам равишда жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирларда иштирокини таъминлаш ва ушбу мусобақалардаги улкан муваффақиятларда ҳам Ойбек Қосимовнинг ҳиссаси катта.
Давлатимиз раҳбари томонидан яратилган кенг имконият ва қўллаб-қувватлашдан самарали фойдаланган ҳолда, у спорт соҳасида янги тизимни шакллантиришга эришди. Бу эса ўзбек спортчилари шарафини дунё ареналарида юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА