Бугунги кунда муомалада бўлиб турган миллий валюта — сўмларни банкларда алмаштириш тартиби қандай? Янги банкноталарга эски муомиладаги пулни алмаштирса бўладими? Одамларнинг қўлида яроқсиз ёки турли шаклга келиб қолган сўмлик банкноталарни ўз қийматида алмаштирса бўладими? Савдо шохобчаларида яроқсиз пуллар қабул қилинмайди. Бу қанчалик тўғри? Умуман ўзбек сўми ва шу банкноталар билан муомила қилиш тартиби ҳақидаги саволларга Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин БОЗОРОВ қуйдагиларни сўзлаб берди.
— Нақд пуллар қандай холларда яроқсиз ҳисобланади? Гоҳида эски, ғижимланган, йиртилган, қоғоз пулларни савдо шохобчаларида қабул қилишмайди. Бу қанчалик тўғри?
– Бизга бу борада фуқаролардан кўп мурожаатлар тушади. Хўжалик юритувчи субъектлар қандай ҳолатдаги банкнотларни монеликсиз тўловга қабул қилишлари лозимлиги ва тушум пули сифатида банкларга топширишлари мумкинлиги белгиланган. Хусусан, булар, ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилишлар, сийқаланишлар, (жумладан ғижимланган) доғлар, қалам, сиёҳ ва фломастер билан ёзилган ёзувлари мавжуд бўлган пуллар, йиртилган ва елимланган пуллар, агар пулнинг иккала қисми шак-шубҳасиз битта банкнотга тегишли бўлса, бўёқ моддалари ва кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар, шикастланиш тури ва жойлашишидан қатъи назар, банкнот тўлиқ ҳажмининг 55 фоизидан кам бўлмаган қисми сақланиб қолинган пуллардир.
Бу талаблар Марказий банкнинг “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома” “сўм”нинг тўловга яроқлилик белгиларни аниқлаш қоидаларида белгилаб берилган.
Янада аниқроқ бўлиши учун тушунтириб ўтаман. Банкларда нақд пулларни саралаш жараёнида улар “муомалага яроқли”, “эскирган”, “тўловга яроқсиз” пуллар тоифаларига ажратилади. Сийқаланмаган, яъни банкнот қоғозининг мустаҳкамлиги, уни яна муомалада айланиши учун имконият берадиган даражада мустаҳкам пуллар “муомалага яроқли” банкнотлар тоифасига киради.
Бундай банкнотларнинг шикастлангани қуйидаги даражада бўлиши талаб этилади. Ҳеч қандай шикастланиш белгиларига эга бўлмаган банкнотлар, банкнотнинг айрим қисмига (ёки қисмларига) ёзилган ёзувлар ёки бўялган (бўёқ тўкилган) жойи банкнот умумий ҳажмининг 5 фоизидан ошмайдиган ҳамда пулнинг номиналини ёки унинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган банкнотлар.
Банкнотнинг йиртилган, тешилган жойининг диаметри ёки йиртилиб тушган бурчаги (қисми) 1 см.дан ошмайдиган ҳамда ушбу шикастланишлар банкнотнинг номиналини ёки унинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган банкнотлар, ранги кескин тарзда ўзгармаган банкнотлар.
— Эскирган пуллар савдо нуқталарида қабул қилинадими?
— Албатта. Эскирган пуллар тўловга яроқли ҳисобланади. Шу боис улар савдо нуқталарида қабул қилиниши шарт.
– Қандай пуллар тўловга яроқсиз ҳисобланади ва қабул қилинмайди?
– Банкнот юзасининг 55 фоизидан кам қисми сақланиб қолган пуллар “тўловга яроқсиз” ҳисобланади ва улар савдо шохобчаларида қабул қилинмайди. Шунингдек, пул олди-бердисида банкнотларнинг тегишли ҳимоя белгиларига эга бўлишига жиддий эътибор қаратиш зарур. Банкнотдаги унинг номинал қийматини акс эттирувчи ёзув ва рақамларни ўзгартириш орқали ҳосил қилинган “қалбаки”, “сохта” пулларга алданиб қолмаслик зарур.
— Йиртилган пуллар елимланса ёки скочланса яроқли ҳисобланадими?
– Елимланган банкнот қисмлари битта банкнотга тегишли бўлса, яъни серия, рақамлари бир хил бўлганда “яроқли пул” сифатида тўловга қабул қилиниши лозим. Айрим ҳолларда, бир хил номиналдаги, бироқ 2 та банкнотнинг қисмларини бир-бирига елимланганини учратиш мумкин. Яъни банкнот қисмларидаги серия, рақамлар турлича бўлади. Ушбу банкнотларнинг ҳар икки қисми алоҳида олинганда, банкнот умумий юзасининг 55 фоизидан кам бўлса “тўловга яроқсиз” деб топилади. Аксинча бўлса, қабул қилинади.
***
Ғижимланган, йиртилган пулларни банкларда алмаштириб олиш имкони борми? 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни яқин орада муомаладан чиқариладими? Янги банкноталарга эски муомиладаги пулни алмаштирса бўладими?
Бу саволларга навбатдаги мақоламизда жавоб оласиз? Бизни кузатиб боринг.